Ҳокимият учун кураш? — сиёсатшунослар Қамчибек Ташиевнинг ишдан олиниши ҳақида

Қирғизистон хавфсизлик тизимидаги кутилмаган кадрлар алмашинуви ортида қандай сиёсий ҳисоб-китоблар ётибди — расмий изоҳлардан ташқари саволлар кўпаймоқда.

10 феврал куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Қамчибек Ташиевни эгаллаб турган лавозимидан озод этди.

Президент ушбу қарорни «давлат бирлигини мустаҳкамлаш, жамиятда, жумладан давлат органлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган бўлинишларнинг олдини олиш» зарурати билан изоҳлади. Унинг таъкидлашича, бу қадам давлат манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилинган бўлиб, мамлакатда барқарор ва мувофиқлаштирилган сиёсий муҳитни шакллантиришга қаратилган.

Президент маъмурияти берган маълумотга кўра, кадрлар ўзгариши фақат Ташиев билан чекланмаган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг бир қатор юқори лавозимли вакиллари ҳам вазифасидан озод этилган. Жумладан:

  • Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Қурванбек Авазов;

  • Қўмита раиси ўринбосари, Киберхавфсизликни таъминлаш бўйича мувофиқлаштириш маркази директори Даниел Рисалиев;

  • Қўмита раиси ўринбосари Элизар Сманов.

Шунингдек, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Рустам Мамасаддиқов ҳамда Чуй вилояти Кемин тумани ҳокими Кутпидин Шакиров ҳам лавозимидан озод этилди.

Айни фармон билан Жумгалбек Шабданбеков Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан олинган Рустам Мамасаддиқов эса Қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилди.

«Fikr vaqti» дастурининг Қозоғистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган сўнгги сонида мазкур кадрлар алмашинуви ҳам алоҳида таҳлил қилинди. Жумладан, сиёсатшунослар Бектож Бердиев ва Мухтор Назиров Қирғизистон хавфсизлик органларидаги кенг кўламли ўзгаришларнинг эҳтимолий сиёсий ва институционал сабабларига тўхталиб, бу жараённинг минтақавий ва ички сиёсий контекстдаги аҳамиятини муҳокама қилдилар.

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 43

Barchasi

Mavzuga oid