Ҳокимлар рейтинги: Ўзбекистонда илк бор ҳудудий раҳбарларнинг инвестиция самарадорлиги баҳоланди
Янги рейтинг ҳудудларнинг нафақат инвестиция ҳажми, балки унинг сифат ва натижадорлигини ҳам кўрсатиб берди.
© Prezident matbuot xizmati«Юксалиш» ҳаракати томонидан илк бор Ўзбекистонда фаолият юритаётган туман ва шаҳар ҳокимларининг инвестиция самарадорлиги бўйича рейтинг шакллантирилди.
Рейтинг қандай шакллантирилди?
Рейтингни тузишда 2025-йил якунлари бўйича ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми, яъни ҳудудга жалб қилинган маблағларнинг амалда иқтисодиётга татбиқ этилган қисми асосий индикатор бўлган бўлса, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми, инвестиция ҳамкорлари географияси, лойиҳаларнинг ишга туширилиш даражаси ва инвестицияларнинг тармоқлар кесимидаги тақсимоти субиндикаторлар бўлган.
Мазкур ёндашув ҳудудларнинг нафақат ҳажмий, балки сифат жиҳатидан ҳам ривожланишини баҳолаш имконини берди.
Тадқиқот қамрови
Рейтинг Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги туман ва шаҳар ҳокимликларини қамраб олди. Бироқ, Тошкент шаҳри рейтингга киритилмади, чунки унинг иқтисодий ва инвестиция муҳити бошқа ҳудудлардан сезиларли даражада фарқ қилади. Бу ёндашув ҳудудлар ўртасида адолатли таққослашни таъминлашга хизмат қилди.
Рейтинг натижалари: ТОП-10 етакчилар

2025-йил якунлари бўйича қуйидаги ҳокимлар инвестиция самарадорлиги бўйича энг юқори натижаларни қайд этди:
1.Қобил Ҳамдамов – Олмалиқ шаҳри (835.2 млн долл.)
2.Азамат Файзиев – Нурота тумани (719.4 млн долл.)
3.Анвар Баймуратов – Қораўзак тумани (593.2 млн долл.)
4.Хуршид Тоҳиров – Қоракўл тумани (581.5 млн долл.)
5.Бекзад Мадаминов – Қўнғирот тумани (580.7 млн долл.)
6.Бобуржон Юлдашев – Андижон тумани (548.5 млн долл.)
7.Дилмурод Эргашев – Навоий шаҳри (507.0 млн долл.)
8.Анвар Таджимирзаев – Давлатобод тумани (458.5 млн долл.)
9.Ускенбай Атемов – Юқори Чирчиқ тумани (435.2 млн долл.)
10.Қосим Мардонов – Ангор тумани (434.7 млн долл.)
Қайд этилишича, 2025-йил натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ҳудудий инвестиция фаоллиги барқарор ўсиш тенденсиясига эга. Маҳаллий бошқарув органларининг ташаббускорлиги, инвесторлар билан ишлаш сифати ва лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлиги ҳудудлар ривожида ҳал қилувчи омил бўлиб бормоқда.





