Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев иши судга оширилди
Аввалроқ, у давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплагани учун ҳибсдан озод қилинганди.

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судида Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаевга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, собиқ мулозим Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)нинг бир қатор қисм ва бандлари бўйича айбланмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида Бекмурод Абдуллаев билан бирга жами 30 нафар шахс судланмоқда.
186 миллиард сўмлик зарар ва ҳибсдан озод қилиш
Эслатиб ўтамиз, Бекмурод Абдуллаев 2025 йилнинг ноябр ойи бошида президент қарори билан Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилган эди.
2026 йилнинг 27 январ куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқлангани маълум қилинган. Ҳолат юзасидан вазир ўринбосари Б. Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Р. Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.
Кейинроқ, жорий йилнинг 16 апрел куни давлат манфаатларига етказилган зарарни қоплагани муносабати билан 7 нафар собиқ мулозим, хусусан, Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов ҳибсдан озод қилингани ҳақида хабар берилди.





