
Ижтимоий тармоқларни блоклаш Россия бозорини ўзгартирди: «imo» 2900 фоизга ўсди
«WhatsApp» ва «Telegram» қўнғироқлари чекланганидан кейин Американинг «imo» мессенжери Россияда рекорд даражада ўсиб, қисқа вақт ичида энг оммавий сервислар қаторига кирди.

2025 йил охирида Россия мессенджерлар бозорида кутилмаган етакчи пайдо бўлди. Американинг «imo» сервиси бир неча ой ичида аудиториясини қарийб 30 баробарга ошириб, декабр ойида 9,82 млн фойдаланувчига етди. Бу «Mediascope» маълумотларига кўра, сервисни мамлакатдаги бешинчи энг оммавий мессенжерга айлантирди. Шу тариқа, «imo» «Viber»ни ортда қолдирди.
Ўсиш август ойида Роскомнадзор томонидан «WhatsApp» ва «Telegram»да аудио ва видеоқўнғироқлар блокланганидан кейин бошланди. Расмий сабаб сифатида фирибгарликка қарши кураш кўрсатилди. Шу билан бирга «Signal», «Discord» ва «Viber» ҳам чекловларга дуч келди. Натижада, фойдаланувчилар муқобил платформа излашга мажбур бўлди.
«imo» нима таклиф қиляпти?
«imo» лойиҳаси АҚШдаги «Pagebites» компаниясига тегишли бўлиб, матнли хабарлар, аудио ва видеоқўнғироқларни қўллаб-қувватлайди. Ҳозирча сервис Россияда чекланмаган. 2017 йилда у маълумотлар реестри билан боғлиқ талаблар сабаб қисқа муддат блокланган, кейинчалик эса қайта тикланган. 2025 йил май ойида компания ушбу талабларни бузгани учун 800 минг рубл жаримага тортилган.
Мобил операторлар ҳам «imo»га қизиқиш ортганини тасдиқламоқда. «ВТБ Мобайл» уни «Viber» ўрнига нотариф трафик рўйхатига қўшди, «СберМобайл» эса бундай имкониятни аввалроқ жорий қилган. Айрим операторларда июл–декабр оралиғида «imo» фойдаланувчилари сони тўрт баробарга ошган.
Хатарлар ва келажак
Мутахассислар «imo»нинг оммалашувини россияликлар учун бепул интернет-қўнғироқлар муҳимлигини сақлаб қолиш истаги билан боғламоқда. Бироқ сервиснинг тез ўсиши уни ҳам регуляторлар диққатига тушириши мумкин. Юристлар «imo»нинг ёпиқ дастур коди маълумотлар хавфсизлиги бўйича саволлар туғдиришини таъкидлаб, ҳассос маълумотлар учун эҳтиёткорликни маслаҳат беради.
Агар бозордаги ҳозирги чекловлар сақланиб қолса, «imo» Россияда вақтинчалик эмас, балки тизимли ўйинчига айланиши мумкин. Бироқ унинг тақдири кўп жиҳатдан регуляторлар позициясига боғлиқ бўлади.



