IPO натижалари: UzNIF акциялари 603,6 млн долларга сотилди
Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси IPO жараёнида акцияларининг 31 фоизини қарийб 603,6 млн долларга сотди. Акциялар 18-майдан бошлаб фонд биржасида эркин муомалага чиқарилиши кутилмоқда.
© Franklin TempletonЎзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш натижаларини эълон қилди.
IPO доирасида оддий акциялар ва глобал депозитар тилхатлар (GDR) таклиф этилди. Таклиф қилинган барча қимматли қоғозлар жамғарманинг ягона акциядори ҳисобланган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сотувга чиқарилди. Жами 1,56 трлн дона акция таклиф қилинди, бу жамғарма акциядорлик капиталидаги 31 фоиз улушга тўғри келади. Битта глобал депозитар тилхат 64 700 та акцияга тенг қилиб белгиланди.
Тошкент фонд биржасида қарийб 47,9 млрд дона акция сотилди. Жисмоний шахслар учун акция нархи 4,65 сўм қилиб белгиланган бўлиб, 12 млрд сўмгача буюртма берган инвесторларга 5 фоизлик чегирма қўлланилди. Натижада улар акцияларни 4,41 сўмдан харид қилди.
London фонд биржасида эса 1,5 трлн донага яқин акция 23,4 млн дона глобал депозитар тилхат — GDR шаклида жойлаштирилди. Ҳар бир GDR нархи 25 доллар қилиб белгиланди.
Жалб қилинган маблағларнинг умумий суммаси қарийб 603,6 млн долларни ташкил этди. Барча қимматли қоғозларни амалдаги акциядор — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сотгани сабабли, компаниянинг ўзи IPO маблағларини олмайди.
Шунингдек, келгуси 30 кун ичида қўшимча жойлаштириш опциони доирасида яна 3,5 млн донагача GDR сотилиши мумкин. Агар ушбу механизм тўлиқ ишга туширилса, IPO доирасида сотилган улуш 35 фоизгача, жалб қилинган маблағ ҳажми эса 692 млн долларгача етади.
Бирламчи жойлаштириш нархидан келиб чиқиб, Миллий инвестиция жамғармасининг бозор капитализацияси 1,95 млрд долларга баҳоланди.
Аввалроқ инвесторлар талаби таклиф ҳажмидан тўрт баробардан кўпроқ бўлганлиги ҳақида хабар берилганди. Асосий инвесторлар қаторида BlackRock, Franklin Resources ва Redwheel иштирок этди.
GDR'лар савдоси London Stock Exchang 13 майдан бошланиши кутилмоқда. «Тошкент» республика фонд биржасида эса UZNF тикери остида 18 майдан муомалага чиқарилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Миллий инвестиция жамғармаси Ўзбекистон тарихидаги олтинчи IPOга айланди. 2023 йилда бир йўла учта IPO ўтказилгандан бери мамлакатда бундай инвестицион жараён ҳали бўлмаганди.



