Logo

«Ипотека банк»нинг янги бошқарув раиси маълум бўлди

Bugun 13:012 daqiqa

Адам Сентпетери «Ипотека банк» бошқарув раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Аввалроқ банкни 2024-йилдан бери бошқарган Сандро Ртвеладзе лавозимини тарк этганди.

«Ипотека банк»нинг янги бошқарув раиси маълум бўлди

«Ипотека банк» акциядорларининг қарорига кўра, Адам Сентпетери «Ипотека банк» бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот порталида маълум қилинди.

Аввалроқ банк матбуот хизмати 2026-йил 1-июлдан бошлаб Сандро Ртвеладзе «Ипотека банк» OTP Group бошқарув раиси сифатида фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилганди.

Ртвеладзе «Ипотека банк» бошқарув раиси сифатида 2024-йил июн ойидан бери ишлаб келаётган эди. У банк хусусийлаштирилгач, икки йиллик трансформация жараёнида иштирок этди.

OTP Bank «Ипотека банк»нинг 75 фоизини 2023-йилда 243 млн долларга сотиб олганди. Ўшанда банкнинг қолган 25 фоизи уч йил ичида бўлиб тўлаш орқали сотиб олиниши айтилганди.

Расмий эълонда Сандро Ртвеладзе билан биргаликда банкнинг кузатув кенгаши мустақил аъзоси Татьяна Доган ҳам лавозимидан кетгани кўрсатилган.

«Ипотека банк»да вақтинчалик бошқарув раиси сифатида эндиликда Адам Сентпетери фаолият олиб боради.

2023-йил июл ойидан буён у банкнинг Стратегия ва молия блоки раҳбари ҳамда бошқарув раиси ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда.

Адам Сентпетери ўзи ким?

Банкнинг расмий сайтида маълум қилинишича, Адам Сентпетери 1972-йилда туғилган. У 1996-йилда Корвинус иқтисодиёт университетида молия ва ахборот менежменти бўйича магистрлик, 1997-йилда ELTE университетида ҳуқуқ магистри (LLM), 2007-йилда эса Марказий Европа университетида (CEU) PhD даражасини олган.

Фаолияти давомида ELTE университетида доцент сифатида ишлаган, шунингдек, CEU, Корвинус ва ELTE университетларида эконометрика, операцион тадқиқотлар, бизнес ҳуқуқи ҳамда ҳуқуқ ва иқтисодиёт фанларидан дарс берган.

У OTP Group'га 2005-йилда макроиқтисодий таҳлилчи сифатида қўшилган. Кейинги йилларда гуруҳ таркибида чакана бизнес, стратегия ва молиявий назорат йўналишларида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Шунингдек, OTP Bank Ukraine кузатув кенгаши ва OTP Bank Russia директорлар кенгаши аъзоси бўлган.

2022-йил августидан 2023-йил июнигача OTP Bank Albania'да молия директори (CFO) ва директорлар кенгаши аъзоси сифатида фаолият юритган.

2023-йил июл ойида «Ипотека банк»ка OTP Group'дан бошқарув раиси ўринбосари, Стратегия ва молия блоки раҳбари сифатида ишга келган. 2023-йил сентябридан буён банкнинг трансформация дастури учун ҳам масъул ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid