add

Исломий банкларда «инвестицион омонатлар» давлат томонидан кафолатланмайди

Марказий банк вакилининг айтишича, инвестицион ва анъанавий омонатлар мутлақо икки хил молиявий инструмент ҳисобланади.

Исломий банкларда «инвестицион омонатлар» давлат томонидан кафолатланмайди

2026 йил, 5 февраль куни Ўзбекистон Сенати исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қонунни маъқуллади.

Ҳужжутга мувофиқ, икки кодекс ҳамда етти қонунга исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайдиган нормалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартишлар исломий молия тамойилларига мувофиқ хизматлар кўрсатишни қонун даражасида мустаҳкамлайди.

Ялпи мажлисда сенатор Икромхон Нажмиддинов «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига киритилаётган «инвестициявий омонат» тушунчаси ва бу турдаги омонатнинг ҳозирда мавжуд анъанавий омонатлардан фарқи ва нима учун алоҳида кўрсатиб ўтилгани ҳақида савол берди.

Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Турдалиевнинг таъкидлашича, инвестицион ва анъанавий омонатлар мутлақо икки хил молиявий инструмент ҳисобланади.

Турдалиевнинг тушунтиришича, исломий молия тамойиллари асосида фаолият юритувчи банклар фойдани тақсимлаш ва ваколатли шартномалар асосида жалб қиладиган маблағлар «инвестицион омонат» сифатида қайд этилади.

Анъанавий омонатларда эса омонат муддати ва фоиз ҳисобланиши мажбурий белгиланган ва кафолатланган.

Исломий молияга асосланган молиявий тизимда эса пул маблағлари инвестиция тарзида берилади ва бу маблағлар эгаси барча хавф-хатарларни банк билан тенг бўйнига олади.

Шундан келиб чиқиб, бу турдаги омонатлар «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги қонунда кафолатланмаслиги алоҳида қайд этилмоқда, дея изоҳ берди Марказий банк вакили.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон банкларида омонатларнинг фақат 200 млн сўмгача бўлган қисми давлат томонидан кафолатланади. Бунда 200 млн сўмлик кафолат чегараси ҳар бир банкка нисбатан алоҳида қўлланилади.

Яқинда «Янги банк» ёпилиши ортidan унинг омонатчиларига 200 млн сўмгача бўлган омонатлари учун компенсация тўлаб берилмоқда. Компенсация тўлашда «Бизнесни ривожлантириш банки» агент-банк бўлди.

«Янги банк» омонатчиларига шу пайтга қадар 208 млрд сўм миқдорида компенсация тўланган бўлиб, бу умумий кўрсаткичга нисбатан 98,7 фоизни ташкил этади.

Teglar

Mavzuga oid