Испания АҚШга ҳарбий базаларидан фойдаланишни таъқиқлади

Испания Эронга қарши эҳтимолий зарбаларда ўз ҳудудидаги АҚШ базаларидан фойдаланишга рухсат бермаслигини билдирди.

Испания АҚШга ҳарбий базаларидан фойдаланишни таъқиқлади

Испания ҳукумати АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари учун Рота ва Морон базаларидан фойдаланишига расман тақиқ қўйди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес бу қарор Мадрид суверенитети ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига асосланишини таъкидлади.

Вазирга кўра, АҚШ билан қўшма бошқарувда бўлган, аммо Испания суверенитети остидаги ушбу ҳарбий объектлар икки томонлама келишувларда назарда тутилмаган ёки БМТ Низомига зид ҳаракатлар учун ишлатилмайди. Унинг айтишича, базалар ҳар қандай операцияда иштирок этиши учун аниқ ҳуқуқий асос бўлиши шарт.

Испания базаларидан америка самолёти ҳавога кўтарилган

Reuters агентлиги маълумотига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбалари бошланганидан сўнг Испания жанубидаги базалардан камида 15 та америка самолёти ҳавога кўтарилган. FlightRadar24 хизмати улардан еттитаси Германиядаги Рамштайн авиабазасига қўнганини қайд этган. Гап, жумладан, Испанияда доимий жойлаштирилган Boeing KC-135 Stratotanker ёнилғи қуйиш самолётлари ҳақида бормоқда.

Маълумотларга кўра, тўққизта ёнилғи қуйувчи самолёт Морондан Германияга йўл олган, яна иккитаси Ротадан Франция жанубига учган. Қолган тўрт рейснинг манзили очиқланмаган.

Бундан аввал Буюк Британия ҳам ўз базаларини тақдим этиш масаласида иккиланиш билдирган эди. Бироқ 1 март куни бош вазир Кир Стармер «жамоавий ўзини ўзи мудофаа қилиш» тамойилини асос қилиб, АҚШга рухсат берди. Испания эса АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳудудига зарбаларини очиқ танқид қилди. Бош вазир Педро Санчес ҳукумати позицияси Мадрид ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни янада мураккаблаштириши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid