add

Испанияда ҳафта давомида иккинчи марта яна иккита поезд ҳалокатга учради

Bugun 11:122 daqiqa

Кучли бўрон оқибатида Испанияда икки поезд релсдан чиқиб кетди, машинист ҳалок бўлди ва ўнлаб йўловчилар жароҳат олди.

Испанияда ҳафта давомида иккинчи марта яна иккита поезд ҳалокатга учради

Испаниянинг Барселона шаҳри яқинида икки алоҳида поезд ҳалокати содир бўлди. Ҳодисалардан бири ўлим билан якунланиб, камида 37 киши турли даражада тан жароҳати олди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Биринчи авария сабаблари ва оқибатлари

Маълум қилинишича, 20 январ куни кечқурун Барселона яқинида «Rodalies» тармоғига тегишли поезд «Gelida» ва «Sant-Sadurni» станциялари оралиғида йўл четидаги деворга бориб урилган. Кучли бўрон сабаб таянч девор қулаган ва темирйўл изига тушиб қолган.

Ҳалокат оқибатида поезд машинисти воқеа жойида ҳалок бўлган. Камида 37 нафар йўловчи жароҳат олган: беш нафари оғир, олти нафари ўртача ва 26 нафари енгил аҳволда. Жабрланувчилар Моисес Брогги, Беллвитже ва Вилафранка шифохоналарига етказилган. Қутқарув ишларига 11 та тез ёрдам машинаси ҳамда 35 та ўт ўчириш гуруҳи жалб этилган. Поезд ичида қисилиб қолган бир йўловчи омон қутқариб олинган.

Иккинчи авария: қурбонлар йўқ

Худди шу куни Барселонанинг шимоли-шарқида, Blanes – Masanet-Massanes йўналишида яна бир поезд релсдан чиқиб кетган. Испания темир йўл инфратузилмаси оператори Aдиф маълумотига кўра, бўрон оқибатида кўчиб тушган тош поезд ўқига келиб урилган. Ушбу ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.

Кетма-кет содир бўлган авариялар сабабли Rodalies тармоғида поездлар ҳаракати тўлиқ тўхтатилди. «El Pais» нашрининг ёзишича, 21 январ куни эрталаб қарийб 400 минг нафар йўловчи поезд хизматидан фойдалана олмаган. Айни пайтда барча йўналишларда хавфсизлик текширувлари олиб борилмоқда.

2 кун олдинги йирик фожиа

Каталониядаги ушбу ҳодисалар 18 январ куни Андалусиянинг Aдамуз ҳудудида рўй берган йирик темир йўл ҳалокатидан икки кун ўтиб содир бўлди. Ўшанда Мадридга йўл олган тезюрар поезд релсдан чиқиб, қаршидан келаётган бошқа тезюрар поезд билан тўқнашган эди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу тўқнашув сўнгги ўн йилликдаги энг йирик темир йўл фожиаларидан бири бўлиб, камида 42 киши ҳалок бўлган. Айни дамда Испаниянинг шимолий ва шарқий соҳилбўйи ҳудудларида ноқулай об-ҳаво сабаб юқори хавф даражаси эълон қилинган.

Teglar

Mavzuga oid