add

Исроил Бош прокурори Бен-Гвирни лавозимдан олишни талаб қилди

Bugun 20:291 daqiqa

Исроил Бош прокурори Гали Баҳарав-Миара Олий суддан Бош вазир Нетаняҳуни Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирни лавозимдан олишга мажбурлашни сўради.

Исроил Бош прокурори Бен-Гвирни лавозимдан олишни талаб қилди

Исроил Бош прокурори Гали Баҳарав-Миара Олий судга мурожаат қилиб, Бинямин Нетаняҳудан Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирни лавозимдан четлатишни талаб қилди. Унинг айтишича, вазир ўз ваколатларини қонунга хилоф равишда суиистеъмол қилган.

Исроил оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Бош прокурор Бен-Гвир полиция фаолиятига ноқонуний аралашиб, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва терговлар билан боғлиқ энг сезгир ишларда таъсир ўтказганини таъкидлаган. Бу ҳолатлар полициянинг мустақиллиги ва партиялардан холи мақомига жиддий зарар етказаётгани қайд этилган.

Баҳарав-Миара Олий суддан Бош вазирни Бен-Гвир нега ҳалигача лавозимидан олинмагани юзасидан ҳуқуқий изоҳ беришга мажбурловчи қарор чиқаришни сўраган. Унинг фикрича, вазирнинг ҳаракатлари тизимли тус олган ва бу тенденция тўхтатилмаса, қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.

Исроилнинг KAN давлат телерадиокомпанияси маълум қилишича, Бош прокурор мазкур мурожаат орқали ҳукумат раҳбарининг Бен-Гвирга нисбатан чора кўрмаслигини қонуний жиҳатдан баҳолатмоқчи.

Ўз навбатида, Бен-Гвир ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Бош прокурорга нисбатан кескин муносабат билдириб, унинг айбловларини рад этган. Унинг баёноти сиёсий муҳитда янги баҳсларга сабаб бўлди.

Ултраўнг миллатчи Бен-Гвир ўз қарашлари, фаластинлик маҳбусларга нисбатан муносабати ва Ғазо масаласидаги радикал чақириқлари билан аввал ҳам жамоатчилик ва халқаро доираларда танқидга учраб келган.

Teglar

Mavzuga oid

Исроил Бош прокурори Бен-Гвирни лавозимдан олишни талаб қилди | Vaqt.uz