add

Истанбулдаги қотиллик бўйича 2 нафар ўзбек қўлга олингани маълум қилинди

25.01.2026 | 17:202 daqiqa

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ватандош аёл ўлими бўйича расмий муносабат билдирди.

Истанбулдаги қотиллик бўйича 2 нафар ўзбек қўлга олингани маълум қилинди

Ўзбекистон Республикасининг Истанбулдаги Бош консулхонаси Истанбул шаҳрида Ўзбекистон фуқаросининг ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, мазкур хабар Бош консулхона томонидан чуқур қайғу билан қабул қилинган ва барча зарур консуллик чоралари кўрилмоқда.

Қайд этилишича, 2026 йил 24 январ куни маҳаллий вақт билан соат 20:00 лар атрофида Истанбул шаҳрининг Шишли тумани, Қуюулибоғ кўчасида жойлашган чиқинди контейнерларидан бирида чойшабга ўралган аёл жасади топилган. Жасадни тасодифан чиқиндилар орасидан буюм териб юрган шахс аниқлаб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган. Жасаднинг бош қисми мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Тергов ва консуллик чоралари

Бош консулхона маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд-тиббий экспертиза муассасалари ва прокуратура билан ҳамкорликда ўтказган ўрганишлар натижасида марҳуманинг шахси Ҳакимова Дурдона экани тасдиқланган. У Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланади.

Мазкур жиноят иши доирасида Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси гумонланувчи сифатида қўлга олинган. Улар Туркия ҳудудидан Грузияга авиақатнов орқали чиқиб кетишга уринган вақтда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан давом эттирилмоқда.

Бош консулхона дипломатлари марҳуманинг оила аъзолари билан алоқа ўрнатган ва уларга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, суриштирув жараёнлари доимий равишда Бош консулхона назоратида экани таъкидланган.

Бош консулхона ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар расмий манбалар орқали тақдим этиб борилишини маълум қилди ҳамда марҳуманинг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Teglar

Mavzuga oid