
IT-мутахассислар АҚШдан $17 млн ўғирлади: Улар буни қандай уддалаган?
Сохта резюмелар ва сунъий интеллект ёрдамида «ниқобланган» Шимолий Корея дастурчилари Amazon ва бошқа гигантларга кириб олмоқда.

Шимолий кореялик IТ мутахассислари томонидан АҚШ компанияларига масофавий ишга жойлашиш учун топширилаётган сохта аризалар сони кескин ошди. Хусусан, «Amazon» компанияси ўтган йил давомида бу каби мурожаатлар сони қарийб учдан бирга кўпайганини маълум қилган. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
«Amazon» хавфсизлик хизмати раҳбари Стивен Шмидтнинг таъкидлашича, Шимолий Корея оператив ходимлари одатда АҚШ ҳудудида жойлашган ва масофадан бошқариладиган компютерлар тармоғи — «ноутбук фирмалари» билан ҳамкорликда ишлайди. Фирибгарлар сунъий интеллект воситалари ва ходимларни текшириш тизимларини четлаб ўтиш учун борган сари мураккаброқ стратегиялардан фойдаланмоқда.
Бундай шахслар «LinkedIn» тармоғидаги фаол бўлмаган аккаунтларни ўғирланган маълумотлар ёрдамида эгаллаб, ҳақиқий дастурий таъминот муҳандислари ниқоби остида иш излайди. Мазкур схема орқали улар нафақат компания ичига кириб олишни, балки Пхенян учун ноқонуний даромад манбаини яратишни мақсад қилган.
Жорий йилнинг июн ойида АҚШ Адлия вазирлиги мамлакат бўйлаб ноқонуний равишда фаолият юритган 29 та «ноутбук фирмаси»ни аниқлаганини маълум қилди. Ушбу фирмалар америкаликларнинг ўғирланган ёки қалбакилаштирилган шахсий маълумотларидан фойдаланиб, Шимолий Корея фуқароларининг АҚШ компанияларида масофавий ишга жойлашишига кўмаклашган.
Маълумотларга кўра, ушбу ноқонуний фаолият оқибатида 17 миллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилган. Аризона штатида яшовчи аёл 300 дан ортиқ компанияга Шимолий кореялик ходимларни «жойлаштирган» ноутбук фермасини бошқаргани учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Мутахассислар иш берувчиларни телефон рақамлари ва таълим тарихидаги номутаносибликларга эътиборли бўлишга чақирмоқда.





