Лавров Кремл ва Тошкент муносабатларига баҳо берди
Олдинроқ Марказий Осиёда «геосиёсий кураш» кучайгани, минтақа ким билан дўстлашишни Москвадан сўрамай қўйганидан хавотир билдирган Россия дипломатик идораси раҳбари Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг фаолиятига тўхталди.
© Ijtimoiy tarmoqlarМосква ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга йўллаган табригида маълум қилди.
«Ишончим комилки, Россия ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари бундан кейин ҳам давлатларимиз раҳбарлари эришган кенг кўламли келишувларга мувофиқ икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади, Марказий Осиё ва умуман Евросиёда барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга кўмаклашади. Ташқи ишлар вазирликларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорликни юқори қадрлайман», — деди вазир.
Бундан ташқари, Россия дипломатик идораси раҳбари Тошкент ва Москва ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик ҳамкорлиги руҳида икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг барча йўналишларини ривожлантираётгани, минтақавий ва халқаро майдонларда мувофиқлаштиришни кучайтираётганини таъкидлади.
«Шу йиллар давомида Ўзбекистон давлат қурилиши, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш йўлида сезиларли ютуқларга эришди. Кўп жиҳатдан Ўзбекистон дипломатиясининг юқори даражадаги профессионаллиги туфайли бугунги кунда республика халқаро ҳамжамиятда муносиб обрў-эътиборга эга», — дея таъкидлади Лавров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лавров Марказий Осиё ким билан дўстлашишни Москвадан сўрамай қўйганидан хавотир билдирганди. У Марказий Осиёда «геосиёсий кураш» кучайганини урғулаганди.





