
«Мақсад — АҚШга етиш»: Хитой техностартапларга миллиардлар йўналтирмоқда
Хитой технология соҳасида АҚШдан ортда қолмаслик учун миллий венчур жамғармаларини ишга туширди ва стартапларга ўнлаб миллиард доллар сарфлашни бошлади.

Хитой ҳукумати технология соҳасида кескин қадам ташлади. Пекин миллий венчур жамғармаси ва учта йирик минтақавий фондни ишга тушириб, маҳаллий техностартаплар орқали АҚШ билан рақобатни кучайтиришни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар бермоқда.
Дастур доирасида Миллий молия вазирлиги томонидан ташкил этилган миллий жамғармага 100 млрд юань, яъни тахминан 14,3 млрд доллар ажратилди. Бу маблағлар узоқ муддатли махсус давлат облигациялари орқали жалб қилинган. Шу билан бирга, Пекин–Тианжин–Ҳэбэй, Янгжи дарёси делтаси ва «Катта кўрфаз» ҳудудларини қамраб олувчи учта минтақавий фонд ҳам ҳар бири 50 млрд юандан ортиқ капитал жамлашни режалаштирмоқда.
Хитойнинг бу ёндашуви анъанавий венчур моделидан фарқ қилади. Давлат «сабрли капитал» стратегиясини танлаган. Жамғармалар 20 йиллик даврга мўлжалланган: илк 10 йил — инвестиция киритиш, кейинги 10 йил — активлардан чиқиш учун ажратилади.
Инвестициялар асосан кичик ва эрта босқичдаги компанияларга йўналтирилади. Стартап баҳоси 500 млн юандан ошмаслиги керак. Маблағларнинг камида 70 фоизи seed ва бошланғич босқичдаги лойиҳаларга сарфланади. Бир компанияга ажратиладиган максимал маблағ 50 млн юан билан чекланади.
Пекин аниқ устувор йўналишларни белгилаб олган. Улар орасида микрочиплар, биомедицина, квант технологиялари, «мия–компютер» интерфейслари ва аэрокосмик саноат бор. Мақсад — «кичик гигантлар»ни етиштириб, уларни глобал технологик чемпионларга айлантириш.
Таҳлилчиларга кўра, бу стратегия Хитойга санкциялар ва технологик чекловлар шароитида ўз илмий ва ишлаб чиқариш мустақиллигини мустаҳкамлаш имконини беради. АҚШ билан технологик рақобат энди фақат бозор эмас, давлат даражасидаги узоқ муддатли курашга айланмоқда.





