Марказий банк 2026–2028 йиллар пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади

24.10.2025 | 12:052 daqiqa

Марказий банк бошқаруви 2025 йил 24 октябрдаги йиғилишида 2026–2028 йиллар учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари концептуал лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга туширишга қаратилган чораларни белгилайди.

Марказий банк 2026–2028 йиллар пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади

Марказий банкнинг янги концептуал лойиҳаси Ўзбекистондаги жорий иқтисодий вазият ва ўрта муддатли истиқболдаги макроиқтисодий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Ҳужжат нархлар барқарорлигини таъминлаш ва пул-кредит сиёсатини босқичма-босқич такомиллаштиришни кўзда тутади.

Марказий банк 2026 йилдан бошлаб инфляцияни босқичма-босқич 5 фоизлик «таргет» даражасига туширишни режалаштирмоқда. Асосий сценарийга кўра, 2026 йилда реал ЯИМ ўсиши 5,5–6,5 фоиз, 2027–2028 йилларда эса 6–7 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.

Таҳлилларга кўра, ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқликлар сақланиб қолиши, жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатлари нисбатан паст бўлиши ва олтин нархи юқори даражада сақланиши мумкин. Валюта бозорида эса кескин ўзгаришлар кутилмаяпти.

Ички шароитларда ялпи талабнинг барқарорлашиши, кредитлаш жараёнларининг мўътадиллашуви ва фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги назарда тутилган. Инвестициялар оқими барқарор бўлиши ҳамда пул ўтказмалари ўсиши ўз йўналишида давом этиши кутилмоқда.

Марказий банк прогнозларига кўра, 2026 йил охиригача умумий инфляция 7 фоизгача пасайиши, 2027 йилда эса 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга етиши мумкин. 2028 йилдан бошлаб инфляция ана шу даражада барқарор шаклланиши режалаштирилган.

Ҳужжатда шунингдек, пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар ҳам белгиланган. Улар қаторида — операцияларнинг таъсирчанлигини кучайтириш, макроиқтисодий прогноз тизимини янгилаш, янги моделлар жорий этиш ҳамда коммуникация сиёсатини такомиллаштириш чоралари бор.

Келгуси йилларда ташқи ва ички шоклар эҳтимоли сақланиб қолса-да, сиёсатнинг асосий мақсади инфляцияни мақсадли даражада барқарор ушлаб туриш бўлиб қолади.

Teglar

Mavzuga oid