Коммунал тўловлар ва ёқилғи нархларнинг қимматлашувидан ҳануз аҳолининг хавотирлари юқори — Марказий банк
Августда даромад ошгани сари аҳолининг инфляцион кутилмалари ҳам юқорилаган. Айниқса, ойига 30 млн сўмдан кўпроқ даромад қиладиганларнинг нархлар ошишидан хавотири энг кам даромад оладиганларникидан қарийб икки баравар юқори бўлган. Vaqt.uz август ойидаги инфляцион кутилмаларни даромад, соҳа ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaАвгуст ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 3,1 фоизга тушиб, 9,8 фоизни ташкил қилди. Бу инфляцион кутилмалар бўйича сўровлар ўтказила бошланганидан буён қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Манба: Марказий банк
Одамларни энг кўп ўйлантираётган масала, албатта, коммунал хизматлар, ёқилғи, энергия ва йўлкира нархларининг ошиши бўлмоқда. Деярли ҳар иккита одамдан бири коммунал тўловлар қимматлашишидан хавотирда эканини айтмоқда. Хусусан, август ойида коммунал хизматлар бўйича бу кўрсаткич 53 фоизни, ёқилғи ва энергия бўйича эса 52 фоизни ташкил қилди. Май ойида эса коммунал тўловлардан ташвишланадиганлар улуши ҳатто 59 фоизга етган эди.
Табиийки, ёқилғи ва энергетика нархининг ўзгариши йўлкира ва транспорт харажатларига ҳам таъсир қилмасдан қолмайди. Шунинг учун август ойида сўровда қатнашганларнинг 32 фоизи транспорт харажатлари ошишини ҳам инфляцияга сабаб бўлувчи омил сифатида кўрсатиб ўтган.
Валюта курсининг ўзгариши ҳам одамларни аввалгидек ташвишга солмаяпти. Августда аҳолининг 14 фоизи буни асосий муаммо сифатида кўрсатган.
Маълумот учун, ой давомида сўм 1,7 фоизга кучайиб, 2026 йилдаги энг катта ойлик мустаҳкамланишни қайд этди. Йил бошидан буён эса миллий валюта долларга нисбатан 1,9 фоизга мустаҳкамланган.
Шунингдек, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши ва нархларнинг кўтарилиши эса 21 фоизни ташкил топди.

Манба: Марказий банк
Қиш яқинлашгани сари тадбиркорларнинг ёқилғи ва энергия нархлари бўйича хавотири кучайган. Августда бизнес вакилларининг 55 фоизи харажатларнинг ошиши нархларга таъсир қилаётганини билдирган. Июлда кўрсаткич 54 фоиз бўлганди.
Коммунал хизматлар бўйича хавотир эса ёз ойларидаёқ сезилган. Май ойида тадбиркорларнинг 59 фоизи коммунал тўловлар ошишини қайд этган бўлса, августда эса бу кўрсаткич 50 фоизни ташкил қилган. Бунинг бизнес учун оддий сабаби бор: электр, газ ва ёқилғи қимматлашса, маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш харажати ўз-ўзидан ошади.
Соҳалар кесимида ҳолат қандай?
Аҳолининг аксарият қатламларида инфляцион кутилмалар ўртача кўрсаткичдан юқори. Энг юқори кутилмалар IT ва ОАВ вакилларида — 11,4 фоиз бўлган.
Маиший хизматлар, ташиш ва туризм соҳаларида ҳам кутилмалар 10,8–11,1 фоиз атрофида бўлган. Бунга хизматлар нархи, импорт технологиялари, ёқилғи ва ташиш харажатларидаги ўзгаришлар таъсир қилиши мумкин.
Аксинча, талабалар ва қишлоқ хўжалиги вакилларида эса бу кўрсаткич 8,7 фоизни ташкил этган. Қишлоқ хўжалигида кутилмаларнинг нисбатан пастлиги озиқ-овқат нархларининг мавсумга қараб ўзгариши билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Манба: Марказий банк
Тадбиркорларнинг нархлар ошиши бўйича қарашлари ҳам соҳага қараб фарқ қилган. Энг юқори кутилмалар ташиш хизматлари ва илм-фан ҳамда таълим соҳаларида 10,9 фоиздан қайд этилган.
Қишлоқ хўжалигида эса бу кўрсаткич 10,6 фоиз бўлган. Бу соҳаларда ёқилғи, хомашё, техника ва бошқа харажатларнинг ошиши нархларга тезроқ таъсир қилиши мумкин.
Энг паст кутилмалар ҳунармандчиликда 7 фоизни ташкил этган. Савдода 8,7 фоиз, қурилишда эса 9,2 фоиз бўлган. Яъни тадбиркорлар келгусидаги нархларни, аввало, ўз фаолиятида қанча харажат қилиши ва бу харажатлар қандай ўзгаришига қараб баҳоламоқда.

Манба: Марказий банк
Ҳудудларда инфляцион кутилмалар ўртасидаги фарқ ҳам сезиларли. Аҳоли келгуси нархлар бўйича энг юқори кутилмани Фарғонада билдирган — 11,7 фоиз. Жиззахда эса бу кўрсаткич 8,1 фоиз билан энг паст бўлган. Тошкент шаҳрида аҳолининг кутилмаси 11,4 фоизни ташкил этган.
Тадбиркорлар орасида натижа бироз бошқача манзарани кўриш мумкин. Қорақалпоғистонда тадбиркорларнинг кутилмалари 11,5 фоиз билан энг юқори, Навоийда эса 8,3 фоиз билан энг паст натижа қайд этилган. Фарғонада бизнес вакилларининг кутилмаси 11,4 фоиз бўлган.
Шундай қилиб Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар кутилмаси аҳолиникидан 1,1 фоиз банд юқори бўлган. Фарғонада эса аксинча, аҳоли кутилмаси тадбиркорларникидан 0,3 фоиз банд юқори.
Нега даромади юқори қатламда инфляцион кутилмалар баландроқ?
Августдаги сўровда даромад ошгани сари инфляцион кутилмалар ҳам ошган. 2 млн сўмгача даромад олувчиларда бу кўрсаткич 7,9 фоиз бўлган. 7 млн сўмдан юқори даромад гуруҳларида 10,6 фоиздан ошган. 30 млн сўмдан юқори даромад олувчиларда эса 15,8 фоизга етган.

Манба: Марказий банк
Бунинг асосий сабаби харажатлар таркибида. Даромади юқори одам озиқ-овқатдан ташқари таълим, тиббиёт, транспорт, хизматлар ва импорт маҳсулотларига ҳам кўпроқ пул сарфлайди. Шу сабабли у турли бозорлардаги нарх ўзгаришларини кўпроқ сезади.
Даромади йўқ ёки 2–4 млн сўмгача бўлганларда кутилмалар 9,8 фоизлик ўртача кўрсаткичдан ҳам паст. Бу нарх ошиши уларга камроқ таъсир қилади дегани эмас. Улар учун асосий масала келажакдаги инфляцияни баҳолашдан кўра, бугунги харажатларни қоплаш асосий муаммо.
Аҳоли инфляцияни қандай сезди?
Августда аҳоли нархлар бир йил ичида 10,1 фоизга ошганини сезган. Июлда бу кўрсаткич 10,3 фоиз эди, аммо одамларнинг нархлар ҳақидаги баҳоси бир биридан фарқ қилади. Бунга уларнинг даромади, яшаш жойи ва кундалик харажатлари сабаб бўлиши мумкин. Масалан, Фарғонада аҳоли нархлар ошишини 11,7 фоиз деб баҳолаган бўлса, Жиззахда бу кўрсаткич 8,1 фоиз бўлган. Икки ҳудуд ўртасидаги фарқ 3,6 фоиз банд.
Даромад бўйича фарқ бундан ҳам катта. Ойига 2 млн сўмгача даромад қиладиганларда сезилган инфляция 7,7 фоиз бўлган. 4–7 млн сўм даромад қиладиганларда 10,4 фоиз, 7–10 млн сўм даромад қиладиганларда 11,1 фоизга чиққан. 30 млн сўмдан кўп даромад қиладиганларда эса 19,3 фоизни ташкил қилган. Яъни бу гуруҳ нархлар ўсишини 2 млн сўмгача даромад қиладиганларга қараганда 2,5 баравар юқори баҳолаган.
Марказий банк ҳам даромад даражаси истеъмол таркибига таъсир қилишини қайд этди. Июль-августда одамлар нархлар ошишини энг кўп кундалик харажатларига кирадиган хизматларда сезган. Маиший хизматлар ва таъмирлашда бу кўрсаткич 58 фоизга етган. Таълим хизматлари 42 фоиз, ижара 27 фоиз, тиббий хизматлар 23 фоизни ташкил қилган. Йўлкира ва ташиш 15 фоиз, кафе ва ресторанлар 13 фоиз бўлган.

Манба: Марказий банк
Озиқ-овқат нархларидаги ўзгаришлар ҳам кундалик харажатларга бевосита таъсир қилмоқда. Нон ва ун нархларининг ошишини респондентларнинг 46 фоизи сезган. Шакар ва қандолат маҳсулотларида бу кўрсаткич 27 фоиз, тухумда 19 фоиз, гуручда 17 фоиз бўлган. Ўсимлик ёғи ва мева-сабзавотларда эса 11 ва 13 фоизни ташкил қилган.
Бошқа харажатларда ҳам нархлар ошиши одамларнинг кундалик бюджетига кириб борган. Дорилар нархини 17 фоиз, қурилиш моллари нархини 14 фоиз, кийим ва пояфзал нархини 13 фоиз респондент сезган. Электр ва табиий газда бу кўрсаткич 12 фоиз бўлган.
Шу нуқтадан қараганда, инфляцион кутилмаларнинг пасайиши ҳали нархлар босими йўқолди дегани эмас. Аҳоли учун муҳим жиҳат — ой охирида кундалик харажатларга қанча пул кетаётгани, тадбиркор учун эса энергия, ёқилғи ва транспорт харажатлари қандай ўзгараётганида.
Шунинг учун инфляцияни барқарор пасайтиришда фақат якуний нархларни эмас, уларни ошираётган харажатларни ҳам жиловлаш муҳим. Айниқса, энергия ва коммунал тарифларининг бошқа нархларга таъсирини ҳисобга олиш, бизнес харажатларидаги ноаниқликни камайтириш ва кундалик эҳтиёжлар нархининг барқарорлиги эса одамларнинг инфляция бўйича хавотирини камайтиради.
Teglar






