Марказий Осиёда Хитой автомобиллари импорти: Қозоғистон ва Ўзбекистон тенденциялари
Қозоғистонда харидорлар кўпроқ йўлтанламасларга мойил бўлса, Ўзбекистонда тежамкор седанларга талаб юқорироқ.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон Хитойдан энг кўп автомобил импорт қилаётган бўлса, Ўзбекистон ҳам юқори ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Хитой автомобилсозлик муҳандислик тадқиқот институти (CAERI) бош директори ўринбосари Ван Хунган 27-март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар берди анжуманда қатнашган VAQT.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова.
«Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Хитойдан энг кўп автомобил импорт қилаётган давлат – Қозоғистон. Хитой автомобил саноати ассоциацияси маълумотларига кўра, ўтган йили Қозоғистонга экспорт ҳажми қарийб 211 500 донани ташкил этди. Шунингдек, биз Ўзбекистонни ҳам диққат билан кузатиб боряпмиз, у энг юқори ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Ҳозирги вақтда биз 13 та корхона фаолиятини мувофиқлаштиряпмиз, улар 2026-йилда Ўзбекистон бозорига янги моделларни кенг миқёсда олиб киришни режалаштирмоқда. Бу мамлакат автомобилсозлик секторининг саноат жиҳатидан янгиланишига хизмат қилади», – деди у.

Ван Хунганнинг маълум қилишича, Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон томони билан қўшма синов лабораторияларини ташкил этиш масалаларини ҳам муҳокама қиляпти.
«Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилари томонидан экспорт қилинадиган моделлар маҳаллий қонунчилик талабларига, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мослаштирилади, шунингдек, маданий хусусиятлар ва истеъмолчиларнинг одатларини ҳисобга олади. Фарқлар айнан шунда: масалан, Қозоғистонда харидорлар кўпроқ йўлтанламасларга мойил бўлса, Ўзбекистонда тежамкор седанларга талаб юқорироқ», – дейди у.

Мутахассис комплектация (жиҳозланиш) бўйича саволга ҳам жавоб берар экан,хитойлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулот сифати ва технологик устунлигига эътибор қаратишини, улар атайлаб жиҳозларни камайтириш ёки муҳим функциялардан воз кечиш амалиётини мутлақо инкор этишини билдирди.

«CAERI (Хитой автомобилсозлик муҳандислик тадқиқот институти) инспекция, синов ва сертификатлаштириш соҳасида миллий эксперт органи сифатида маҳсулот сифати кафолати бўлиб хизмат қилади. Биз ҳар қандай инсофсиз рақобат ёки моделларнинг хусусиятларини асоссиз ўзгартириш орқали фойда кўришга бўлган уринишларнинг олдини оламиз. Бу — бизнинг қатъий позициямиз», деди у.

Ўзбекистонга Хитойдан импорт
Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, Ўзбекистонга 2025-йилнинг январ–сентябрь ойларида 29 та давлатдан 56 337 дона енгил автомобил (электромобиллар ҳам) импорт қилинган бўлса, шундан 51 770 таси Хитойдан сотиб олинган.

Йиллар кесимида рақамларни солиштирадиган бўлсак, улар йил сайин ошиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Масалан, 2021-йилда Ўзбекистон Хитойдан 8 880 та автомобил импорт қилган бўлса, 2022-йилда 11 159 та, 2023-йилда 58 076 та, 2024-йилда эса 61 минг дона автомобил олиб келинган.





