add

Миграция департаментига электрон визаларни 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилди

Bugun 09:332 daqiqa

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция департаментига Ўзбекистонга электрон виза билан кирган хорижликлар визасини 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилди.

Миграция департаментига электрон визаларни 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилди

Шавкат Мирзиёев 19 январ куни ички ишлар органларининг миграция ва шахсни идентификация қилиш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштиришга қаратилган қарорни имзолади. Ҳужжатда миграция хизматларини янада самарали ва шаффоф қилиш, шунингдек, хорижий фуқаролар учун қулайликларни кенгайтиришга оид бир қатор муҳим янгиликлар белгиланди.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 майдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига электрон кириш визаси асосида Ўзбекистонга келган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг визаларини бир мартагача 30 кунга узайтириш ҳуқуқи берилади. Бу амалиёт мамлакатга қисқа муддатли сафар билан келганлар учун қўшимча имконият яратади.

Шунингдек, хорижий фуқароларга Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани расмийлаштириш ваколати ҳам ушбу департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларига юкланади. Бу эса меҳнат миграцияси жараёнларини марказлаштириш ва тезлаштиришга хизмат қилади.

Қарорда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларига қўшимча ваколатлар ҳам берилган. Жумладан, таълим муассасалари ёки корхона ва ташкилотларда виза муддатини узайтириш ва рўйхатга олиш ишлари учун шартнома асосида қўшимча штат бирликларини жорий этиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 сентябрдан талабаларни ётоқхонага жойлаштириш билан бир вақтда турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади. 1 февралдан эса ID карталарни биринчи марта олаётган фуқароларга электрон рақамли имзо сертификати бепул тақдим этилиб, «Электрон ҳукумат» тизимида автоматик рўйхатдан ўтказиш амалиёти жорий этилади.

Teglar

Mavzuga oid