add

Миландаги Олимпиадага қарши намойишлар кескин тўқнашувларга сабаб бўлди

Bugun 21:102 daqiqa

Италия бош вазири Жоржиа Мелони Олимпиадага қарши чиқувчиларни «Италия ва италияликларнинг душмани» деб атади.

Миландаги Олимпиадага қарши намойишлар кескин тўқнашувларга сабаб бўлди

Италия Бош вазири Жоржия Мелони Миланда Қишки Олимпиада ўйинлари давомида содир бўлган тўқнашувлар ва инфратузилмага қилинган ҳужумларни кескин қоралади. У Олимпиадага қарши чиқувчиларни «Италия ва италияликларнинг душмани» деб атаб, бу каби ҳаракатлар мамлакат нуфузига жиддий зарар етказаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Reuters нашри хабар берди.

Ҳодисалар Милан ва Кортина-дъАмпетссо мезбонлик қилаётган Қишки Олимпиаданинг биринчи тўлиқ мусобақа кунида рўй берди. Миланда ўтказилган оммавий намойиш пайтида норозиларнинг бир гуруҳи полиция билан тўқнашиб, феерверк, тутунли бомбалар ва шишалар улоқтирган. Намойишда тахминан 10 минг нафар иштирокчи уй-жой нархларининг ошиши ва Олимпиада билан боғлиқ экологик муаммоларга эътироз билдирган.

Италия Транспорт вазирлиги эса Болонья яқинида миллий темирйўл тармоғида кабеллар кесилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан терроризм гумони билан тергов бошланганини маълум қилди.

Мазкур саботаж натижасида юқори тезликдаги, интерсити ва минтақавий поездлар ҳаракати икки ярим соатгача кечиктирилди. Вазирлик айбдорлардан миллионлаб евро миқдорида моддий зарар ундирилиши мумкинлигини билдирди.

Халқаро Олимпия қўмитаси ҳам ҳодисаларга муносабат билдириб, зўравонлик Олимпия ҳаракати тамойилларига мутлақо зид эканини таъкидлади. Қўмита вакили Марк Адамс тинч намойиш қонуний эканини, аммо ҳар қандай зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Олимпиада дунёга бирлик ва тинчлик ғоясини етказиши лозим.

Полиция маълумотларига кўра, темирйўл тармоғида учта алоҳида ҳодиса қайд этилган. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ушбу саботаж учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Бу воқеалар 2024 йил Париж ёзги Олимпиадаси очилиш кунида Франция тезюрар поездларига қилинган ҳужумларни эслатди.

Италия ҳукумати Олимпиада давомида хавфсизлик чораларини янада кучайтиришини маълум қилди. Расмийлар бундай ҳаракатлар миллионлаб фуқароларга ноқулайлик туғдиришини ва давлат манфаатларига қарши эканини таъкидламоқда.

Teglar

Mavzuga oid