«Миллий банк» етакчиликни йўқотди: I чоракда банклар қандай фойда кўрди?
Янги етакчи ўтган йилнинг мос даврини зарар билан якунлаганди. Мамлакатдаги 34 та банкдан 33 таси бу чоракда фойда олишга эришди.

Ўзбекистонда банкларнинг 2026-йил I чоракдаги соф фойдаси 5,5 трлн сўмни ташкил қилди. Бу 2025-йил мос даврига нисбатан 2,2 трлн сўмга ёки 61,6 фоизга кўпроқ.
Мавжуд 34 та банкдан 27 таси 2025-йилга нисбатан фойда кўрсаткичини яхшилашга эришди. «Tenge bank» фойдаси фоиз ҳисобда энг кўп ўсди.
2025-йил I чорагини 30,7 млрд сўм зарар билан якунлаган «Ipoteka bank» бу сафар 846,4 млрд сўм соф фойда олди ва етакчи бўлди.
«Миллий банк» фойдаси 135,3 млрд сўмга кўпайди ва 603,2 млрд сўмни ташкил қилди. Бироқ, бу энг кўп фойда олувчи банк мақомини сақлаб қолиш учун етарли бўлмади ва банк иккинчи ўриндан жой олди.
Яқинда Миллий инвестиция жамғармаси таркибида IPOга чиқадиган (40 фоиз улуши) «Саноатқурилишбанк» фойдаси 146,1 млрд сўмга ўсиб, 550 млрд сўмга етди. Натижада банк учинчи ўринни эгаллади.

«Халқ банки»нинг уч ойдаги фойдаси 286,4 млрд сўмга сезиларли ўсиб, 326 млрд сўмни ташкил қилди. 2025-йил мос даврида атиги 40 млрд сўмга яқин фойда олинганди.
«Ипак йўли банк» фойдаси 46 млрд сўмга пасайиб, бу борада энг ёмон кўрсаткични қайд этди. Банк фойдаси жорий йилда 234,4 млрд сўм бўлиб турибди.
Бу банкдан ташқари, «Orient Finans Bank», «Бизнесни ривожлантириш банки», «Anorbank», «Микрокредитбанк», «Hayotbank» ва «Пойтахтбанк» ҳам бу чоракда 2025-йилнинг мос даврига нисбатан камроқ фойда олди.
«Uzum Bank» 105,3 млрд сўм (+178,8 фоиз) ва «TBC Bank» 92,9 млрд сўм (+191,4 фоиз) соф фойда олиб, аввалги йилга нисбатан сезиларли ўсиш қайд этди. «TBC Bank» бутун бошли 2025-йилни 600 млн сўмдан бироз кўпроқ фойда билан якунлаганди.
Ўзбекистондаги 34 та банкдан 33 таси I чоракни фойда билан якунлади. Фақатгина «AVO Bank» жорий чоракда зарар кўрди. Бир неча йилдан бери янги ўзгаришларни бошдан кечираётган банк 2025-йилда 6,6 млрд сўм фойда олганди.
Давлат банклари орасида «Туронбанк» энг кам фойда олди. Банк фойдаси жорий йилда 0,2 млрд сўмга кўпайиб, 7,5 млрд сўмни ташкил қилди.
Teglar






