Тошкент бозорлари 2025 йилда қанча фойда қилди?
Пойтахтдаги деҳқон бозорлари 2025 йилда фойдасини сезиларли кўпайтирди. Фақатгина «Қўйлиқ» деҳқон бозори фойдаси кескин пасайди. Қайси бозор энг даромадли бўлди? Батафсил:

2025 йил Тошкент шаҳридаги бозорлар учун молиявий жиҳатдан ижобий йил бўлди. Аксарият бозорлар аввалги йилга қараганда фойдасини сезиларли оширишга эришди.
Vaqt.uz пойтахтдаги бозорларнинг молиявий ҳисоботини таҳлил қилиб, уларни бир жойга тўплади.

Энг кўп фойда қилган деҳқон бозори «Аския» бўлди. Бозорнинг йил давомидаги фойдаси 7,95 млрд сўмни ташкил қилди. 2024 йилги фойда атиги 4,1 млн сўм бўлганди.
6,2 млрд сўм фойда билан «Миробод» деҳқон бозори иккинчи ўринни эгаллади. Бозор фойдаси бир йилда 1,8 млрд сўмга кўпайди.
Кучли учликни «Фарҳод» бозори (3,7 млрд сўм) ёпиб берган бўлса, «Чорсу» бозори (3,1 млрд сўм) тўртинчи ўриндан жой олди.
Пойтахтдаги деҳқон бозорлари орасида «Юнусобод» деҳқон бозорининг молиявий кўрсаткичи барқарор даражада қолди. Бозор фойдаси 50 млн сўмга кўпайиб, 2,6 млрд сўмни ташкил қилди.
«Қўйлиқ» деҳқон бозори фойдаси эса бир йилда 1,6 млрд сўмга қисқариб, 557,3 млн сўмга тушиб кетди.
Бошқа деҳқон бозорларининг кўрсаткичлари билан жадвалда танишиш мумкин.
Бундан ташқари, бошқа бозорлардан «Сергели» автомобил бозори 2025 йилда 18,85 млрд сўм соф фойда олиб, сезиларли ўсишга эришди.





