Минобдаги мотам: мактабда ҳалок бўлган болалар дафн этилди

04.03.2026 | 14:553 daqiqa

3-март куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қаратилган ҳужумлари мамлакат жанубидаги Ҳурмузгон провинсиясининг Миноб округидаги қизлар мактабини вайронага айлантирган эди. Ҳодиса оқибатида 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган, 165 нафардан ортиқ бола ҳалок бўлган.

Минобдаги мотам: мактабда ҳалок бўлган болалар дафн этилди

Эроннинг Ҳурмузгон провинсияси Миноб округида жойлашган қизлар мактабига берилган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 165 нафардан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчилар учун оммавий дафн маросими бўлиб ўтди. Фожиали ҳодиса 3-март куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий ҳужумнинг биринчи кунида содир бўлган. Бу ҳодиса Теҳронга қарши олиб борилаётган уруш давомидаги энг қонли воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Портлашдан сўнг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ва фотосуратларда икки қаватли мактаб биносининг камида ярми вайрон бўлгани кўринган. Қизил Ярим ой қутқарувчилари ва ҳалок бўлганларнинг оилалари вайроналар орасидан тирик қолганлар ёки қурбонларни қидирган. Харобалар орасида қон ва кул билан қопланган дарсликлар ҳамда мактаб сумкалари сочилиб ётгани тасвирларда акс этган.

Айрим видеоларда қутқарувчилар вайроналар орасидан узилган қўлни топиб олаётгани кўринган. Ҳодиса жойида қурбонларнинг жасадлари қора қопларга жойлаштирилган. Атрофда кўплаб одамлар, тез ёрдам машиналари ва қутқарувчилар тўплангани акс этган.

Эрон Қизил Ярим ой жамияти раҳбари Пирҳусейн Коливанд бу ҳодисани «беқиёс фожеа» деб атади.

«Ҳатто Ғазода ҳам бир вақтнинг ўзида шунчалик кўп ўқувчи ҳалок бўлган ҳолат кузатилмаган», — дейди Пирҳусейн Коливанд.

БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти UNESCO ўз баёнотида мактабга берилган ҳужумларни қоралаб:

«Таълим учун ажратилган жойда ўқувчиларни ўлдириш мактабларни ҳужумлардан ҳимоя қилиш бўйича халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади», — деди.

Халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, мактаб, шифохона ёки бошқа фуқаролик обектларига қасддан ҳужум қилиш ҳарбий жиноят ҳисобланади. Ҳатто мактаблар ҳарбий мақсадларда ишлатилган тақдирда ҳам, қуролли томонлар тинч аҳолига етказиладиган зарарни камайтириш ёки олдини олиш чораларини кўриши шарт.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи мактаб ўқувчилари учун қазилган қабрлар фотосуратларини эълон қилиб, уларнинг ўлимида АҚШ ва Исроилни айблади.

«Булар АҚШ-Исроил томонидан бошланғич мактабнинг бомбардимон қилиниши оқибатида ҳалок бўлган 160 дан ортиқ бегуноҳ қизлар учун қазилган қабрлардир. Уларнинг жасадлари парча-парча бўлиб кетди», — деб ёзди.

Исроил ҳарбийлари эса мазкур ҳудудда АҚШ ёки Исроил томонидан қандайдир зарба берилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирган. Исроил аввал ҳам Ғазо уруши давомида тинч аҳолига қилинган бир қатор ҳужумларни рад этган, кейинчалик далиллар пайдо бўлганидан сўнг баъзиларини «тасодифий» деб атаган ҳолатлар кузатилган, деб ёзмоқда Al Jazeera нашри.

АҚШ Марказий қўмондонлиги эса «давом этаётган ҳарбий амалиётлар натижасида тинч аҳолига зарар етказилгани» ҳақидаги ОАВ хабарларини «текшираётганини» маълум қилган.

Эрон давлат телеканалларининг дафн маросимидан тарқатган лавҳаларида Минобдаги майдонга минглаб одамлар тўплангани кўринган. Эркаклар Ислом Республикаси байроғини кўтариб турган, аёллар эса қора чадорларда маросимда иштирок этган.

Саҳнада чиқиш қилган, ўзини ҳалок бўлган Атена исмли қизнинг онаси деб таништирган аёл қурбонлар портретлари туширилган плакатни кўтариб, уни «Америка жиноятларининг ҳужжати» деб атади.

Маросим давомида йиғилганлар АҚШ ва Исроил сиёсатига қарши шиорлар айтган ва «Таслим бўлмаймиз» дея бақирган.

The New York Times маълумотларига кўра, мактаб Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига тегишли ҳарбий-денгиз базаси ёнида жойлашган. Сунъий йўлдош тасвирлари 2013-йилда мактаб биноси база ҳудудига кирганини кўрсатган. Аммо 2016-йилга келиб, у девор билан ажратилган ва база билан алоқаси узилган.

Гувоҳлар видеоларида база ҳудудидаги икки бинодан қора тутун кўтарилаётгани ҳам акс этган. Бу эса АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган зарбалар айнан базага қаратилган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Эрон ОАВ маълумотига кўра, мамлакат бўйлаб 24 та провинцияда амалга оширилган ҳужумлар натижасида 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, қарийб 750 нафар киши жароҳат олган.

Teglar

null null

Vaqt.uzMaqolalar soni: 1280

Barchasi

Mavzuga oid