add

Мирзиёев божхона ходимларини касб байрами билан табриклади

26.01.2026 | 11:352 daqiqa

Ўзбекистон давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади.

Мирзиёев божхона ходимларини касб байрами билан табриклади

26 январ — Ўзбекистон давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев божхона соҳасида фаолият юритаётган сержантлар, офицерлар, генераллар ҳамда фахрийларни касб байрами билан табриклади. Табрикда божхона органларининг мустақиллик йилларида мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва давлат чегаралари дахлсизлигини асрашда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.

Давлат раҳбари Янги Ўзбекистон шароитида божхона тизимини модернизация қилиш, очиқлик ва самарадорликка асосланган бошқарув усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди. Сўнгги йилларда соҳани рақамлаштириш, бюрократик тўсиқлар ва инсон омилини камайтиришга қаратилган чоралар сезиларли натижа бергани қайд этилди.

Жумладан, божхона расмийлаштируви жараёнлари ўртача 40 фоизга тезлаштирилди, декларацияларнинг 20 фоизи инсон иштирокисиз амалга оширила бошлади. 2025 йил якунларига кўра, 76,2 триллион сўм божхона тўловлари ундирилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ошди. Божхона тушумларининг давлат бюджети даромадларидаги улуши 25 фоизга етди.

Шунингдек, 1,2 триллион сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Хавфларни олдиндан таҳлил қилиш орқали 7 триллион сўм, товарларни расмий импортга жалб этиш ҳисобига қўшимча 2,3 триллион сўм бюджет маблағлари ундирилиши таъминланди.

Ҳуқуқбузарликларга қарши кураш доирасида 1,8 тонна гиёҳвандлик воситалари ҳамда 1,1 тонна психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи тўхтатилди. Божхона тартиб-таомилларининг халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиши, Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликнинг кучайиши соҳанинг халқаро нуфузини оширмоқда.

Президент келгуси беш йилда яширин иқтисодиёт улушини икки баробар камайтиришда божхона органлари масъулиятини янада ошириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш ва ходимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш устувор вазифа бўлиб қолиши қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid