Мирзиёев: «Ўзбекистон Ғазода мактаб ва шифохоналар қуришга тайёр»

19.02.2026 | 22:542 daqiqa

Аввалроқ, Ғазога 1,5 млн доллар миқдорида ёрдам кўрсатган ва 100 дан ортиқ фаластинликни ўз бағрига олган Ўзбекистон, энди минтақани стратегик қайта қуриш жараёнига ҳам қўшилмоқда.

Мирзиёев: «Ўзбекистон Ғазода мактаб ва шифохоналар қуришга тайёр»

Ўзбекистон Ғазода уй-жойлар, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар қуришга муносиб ҳисса қўшишга тайёр. Бу ҳақда 19 феврал куни Вашингтонда ўтказилган «Тинчлик кенгаши»нинг инаугурация саммитида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

«Авваламбор, Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп Жаноби Олийларига Тинчлик Кенгашининг инаугурация мажлисини чақиргани учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман. Ҳеч шубҳасиз, бугунги саммит бу Президент Трампнинг сиёсий иродаси ва прагматизми натижасидир. Ўзбекистон Тинчлик кенгашини тузиш бўйича тинчликсевар ташаббусни қўллаб-қувватлади ва унинг муваффақиятли амалга оширилиши борасида ўзининг амалий иштирокини қатъий баён этди», - деди Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Кенгаш иши Ғазо минтақасини иқтисодий ва ижтимоий қайта тиклаш учун қулай шароит яратишга имкон беришига ишонишини айтди.

«Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозим. Барча томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари Ғазони тез фурсатда қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга, можародан кейинги жараёнларни барқарорлаштиришга хизмат қилади. Таъкидлаб айтаманки, Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёр», - деди давлат раҳбари.

Президент Вашингтондаги ҳозирги саммит АҚШ президенти Доналд Трампнинг сиёсий иродаси ва прагматизми натижаси эканини қўшимча қилди. Мирзиёев йиғилиш Доналд Трамп номидаги Тинчлик институтида бўлиб ўтаётганини рамзий деб атади.

Аввалроқ, Доналд Трамп саммитда Шавкат Мирзиёевни «дўстим» деб атагани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, у Ғазога ёрдам пакети учун жами 7 млрд доллар ажратган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам борлигини айтди.

Ўзбекистоннинг Ғазога кўмаги

Ғазо секторида уруш бошланганидан сўнг, Ўзбекистон БМТнинг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) орқали Ғазо сектори аҳолиси учун гуманитар ёрдам сифатида 1,5 млн доллар ажратган.

100 дан ортиқ киши (фаластинлик аёллар ва болалар) Ғазодан эвакуация қилиниб, Ўзбекистонга келтирилган. Улар учун ижтимоий ёрдам, уй‑маскин, тиббиёт, таълим ва бошқа хизматлар тизими йўлга қўйилган. Ўзбекистонга келтирилган фаластинлик оилаларга бир вақтнинг ўзида моддий кўмаклар берилган, болалари учун давлат мактаблари ва боғчаларда ўқиш учун тўловлар бекор қилинган, тиббий рўйхатга олиниб, оила шифокорхона хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган.

Teglar

Mavzuga oid