add

Мирзиёев Покистон Президенти ва бош вазирига таъзия йўллади

Исломободда Жума намози вақтида содир бўлган портлаш оқибатида ўнлаб инсонлар ҳалок бўлиб, юздан ортиқ фуқаро яраланди.

Мирзиёев  Покистон Президенти ва бош вазирига таъзия йўллади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳридаги масжидда содир бўлган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ҳамда жиддий жароҳат олгани муносабати билан Покистон Президенти Асиф Али Зардорий ва бош вазири Шаҳбоз Шарифга таъзия йўллади.

Ўзбекистон раҳбари Покистон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Портлаш тафсилотлари

Покистон пойтахти Исломободда бугун, 6 феврал куни жума намози пайтида масжидда содир бўлган портлаш оқибатида 31 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар яраланди.

Шаҳарнинг Тарлай ҳудудида жойлашган шиалар масжидидаги портлашдан сўнг Исломободдаги учта шифохонада фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Расмийлар яраланганлар сонини 100 нафардан ортиқ деб баҳоламоқда.

«Портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони ошди. Жами 31 киши ҳаётдан кўз юмди. Шифохоналарга етказилган яраланганлар сони эса 169 нафарга етди», – деди Исломобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ирфон Мемoн.

Портлаш сабаби ҳозирча аниқ эмас, бироқ айрим хабарларда ҳодиса худкуш террорист томонидан амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid