Мирзиёев шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлади
Кавказ мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода мусулмон дунёси илм-фанига қўшаётган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг юксак давлат мукофотига сазовор бўлди.
© prezident.uzЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатга келган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари шайхулислом томонидан туҳфа этилган, Ўзбекистон ва Озарбойжон раҳбарларининг умумий саъй-ҳаракатларига бағишланган «Қардошлик ва иттифоқчиликнинг олий нуқтаси» китоби учун миннатдорлик билдирган.
Мулоқот давомида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг маънавий тарбиясини юксалтириш ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинган.
Ўзбекистон президенти икки томонлама маданий-маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим таклифларни илгари сурган.
Исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини ёшларга содда ва қизиқарли тарзда тушунтириш учун рақамли платформалар ва интерактив таълим воситаларидан фойдаланишда илмий салоҳиятни бирлаштириш зарурлиги қайд этилган.
Учрашув якунида Ўзбекистон президенти Оллоҳшукур Пошшозодага мусулмон дунёси илм-фанига қўшаётган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг «Эл-юрт ҳурмати» орденини топширган.





