Миср Ўзбекистон фуқаролари учун кириш қоидаларини кескинлаштирмоқда
1 ноябрдан Мисрга сафар қилмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун виза, ёш, молиявий таъминот ва ҳужжатларга оид янги талаблар кучга киради.

2026 йилнинг 1 ноябридан эътиборан Ўзбекистон фуқароларининг Миср Араб Республикасига сафар қилиш тартиби ўзгаради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Қоҳира шаҳридаги Элчихонаси маълум қилди.
Янги қоидаларга кўра, сайёҳлардан визани олдиндан расмийлаштириш, ёшга доир чекловларга қатъий риоя қилиш ва йирик миқдордаги нақд пулга эга бўлиш талаб этилади.
Дипломатик каналлар орқали олинган маълумотларга таяниб элчихона томонидан эълон қилинган хабарда қайд этилишича, энди 40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари – ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари ҳамроҳлигидагина кириши мумкин бўлади.
«Бунда оила тасарруфида сафар давомида камида 5000 АҚШ доллари миқдорида нақд маблағ мавжуд бўлиши талаб этилади», – дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, 40 ёшдан юқори бўлган ва мустақил саёҳат қилувчи фуқаролар ҳам ўзи билан камида 3000 АҚШ доллари миқдорида нақд молиявий маблағга эга бўлишлари лозимлиги белгиланмоқда.
Мисрга кириш вақтида йўловчилардан меҳмонхона брон қилинганини тасдиқловчи ҳужжат, мобил алоқа маълумотлари ҳамда етарли молиявий таъминотни тасдиқловчи маълумотлар талаб қилинади.
Бундан ташқари, Миср ҳудудида бўлиш давомида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш бўйича мурожаатлар қабул қилинмайди.
Зарур ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган йўловчилар мамлакатга киритилмаслиги ва уларни Мисрга олиб келган авиакомпания орқали қайтарилиши мумкин.
Элчихона Ўзбекистон фуқароларидан Мисрга сафарларни режалаштиришда ушбу талабларни инобатга олишни сўраган.





