
Молдова МДҲни тарк этиш жараёнини бошлади
Молдова ҳукумати мамлакатнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)даги аъзолигига асос бўлган учта асосий келишувни денонсация қилиш тартибини бошлади.

Молдова бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Михай Попшой «Радио Молдова» эфирида маълум қилишича, гап МДҲ низоми, МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги битим ва унга илова қилинган ҳужжатлардан расман чиқиш ҳақида бормоқда.
Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатлар бекор қилинганидан кейин Молдова юридик жиҳатдан МДҲ аъзоси бўлишни тўхтатади. «Амалда эса мамлакатнинг ташкилотдаги иштироки анча олдин тўхтатилган эди», — деди Попшой.
Вазирнинг таъкидлашича, денонсация қилиниши режалаштирилган ҳужжатлар парламентга киритилади ва якуний қарор қонун чиқарувчи орган томонидан қабул қилинади. Шундан сўнг Молдованинг МДҲдан чиқиши расмий ва ҳуқуқий жиҳатдан якунланади.
Молдова ҳукумати сўнгги йилларда Россия бошчилигидаги интеграция тузилмаларидан изчил равишда узоқлашиб, Европа Иттифоқи билан яқинлашиш сиёсатини олиб бормоқда. Кишинёв бу йўлни мамлакатнинг узоқ муддатли стратегик танлови деб баҳоламоқда.
Шу билан бирга, минтақадаги сиёсий ва иқтисодий вазият мураккаблигича қолмоқда. Днестрбўйи ҳудудида газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётгани сабабли фавқулодда иқтисодий ҳолат узайтирилган. Россия эса ўз фуқароларини Молдовага сафар қилишдан тийилишга чақирган.
МДҲ — 1991 йилнинг 8 декабри совет иттифоқи тарқалиши ҳақида «Беловеж битими» имзолаганидан сўнг Россия Федерацияси, Украина ва Беларус томонидан асос солинган тузилма бўлиб, Болтиқбўйи республикаларидан бошқа 12 та республика унга кирган. Турли йилларда Гуржистон (2008) ва Украина (2014) уни тарк этган. Туркманистон эса 1991 йилдан буён ассоциациялашган аъзо ҳисобланади.
Айни дамда МДҲга 8 та давлат аъзо: Россия, Қозоғистон, Озарбойжон, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларус.





