«Мулк ҳуқуқи қийматини йўқотса, иқтисодиёт пойдевори чилпарчин бўлади». Тимур Мусин нега ресторанларини сотаётгани ҳақида
Бизнес-омбудсман «Caravan Group»нинг мулкий ҳуқуқларини олий суд инстанцияларида ҳимоя қилишини билдирди.
© musin.uz25 йиллик тажрибага эга ресторатор, «Caravan Group» асосчиси ва Ўзбекистон рестораторлар ассоциацияси раҳбари бўлган Тимур Мусин ўзининг бир қатор умумий овқатланиш муассасаларини сотувга қўйганди. Тадбиркор ОАВга берган интервюларида бу қарорини суд низолари, инвестиция хатарлари ва ҳозирги ишбилармонлик муҳити билан изоҳлади.
«Бундан роппа-роса 13 йил аввал улкан меҳнат — «Cinara’s» этнографик қишлоғини барпо этиш лойиҳаси бошланган эди. Бу шунчаки қурилиш объекти эмас, балки археологлар, меъморлар, ҳайкалтарошлар ва рассомлар бирлашмаси эди. Эдвард Ртвеладзе, Юрий Буряков, Серго Сутягин ва Козо Иватани каби номларни бирлаштирган лойиҳа мамлакатнинг ҳақиқий маданий кодига айланиши керак эди. Орадан 13 йил ўтиб, бу кенг кўламли ташаббус одил судлов тизимининг «сувости тошлари»га урилиб, чилпарчин бўлди. Катта ҳажмдаги интеллектуал меҳнат ва миллионлаб долларлик инвестициялар судялар рейдерлиги ва «қонуний» экспроприация обектига айланиб қолди», — деган Тимур Мусин «Газета»га берган изоҳида.
Тадбиркор «Spot»га берган интревюсида Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги «давлат эҳтиёжлари» деган баҳона билан ҳеч кимга кераксиз йўл тармоғи қуриш учун 70 сотих ерни ундан тортиб олгани, ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан, шунчаки келиб, бузиб кетишганини айтади. Унинг сўзларига кўра, тадбиркор Олий судгача бориб, 13 млрдлик товон пулини ундирган, аммо суд қарори бир неча марта бекор қилинган. 2025-йилда Олий суд товон тўланишини яна маъқуллаган, бироқ кейинчалик Бош прокуратура протести билан бу қарор ҳам бекор қилиниб, иш қайта кўриб чиқишга юборилган.
«Биринчи иш бўйича компенсация бериш ўрнига лойиҳамизга нисбатан янги иш — бу сафар кадастр масаласи бўйича иш очилди. Суд 2010-йилда берилган лойиҳа кадастр ҳужжатларини бекор қилди. Бунга эса 18 йил аввалги «янги аниқланган ҳолатлар» асос қилиб кўрсатилди. Натижада, бошқа йўқотишларга қўшимча равишда, бизга яна 1 млрд сўмдан ортиқ давлат божи тўлаш хавфи ҳам туғилди», – дейди Мусин.
Унинг айтишича, умумий майдони 14,9 гектар бўлган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларим амалда мажбуран бекор этилиб, давлат фойдасига олиб қўйилган. Олий суд раиси номига бир неча бор қилган мурожаатларим эса кўриб чиқилмасдан жавобсиз қолдирилган. Ер ва активларни олиб қўйишдан кўрилган умумий зарар тахминан 50 млн долларни ташкил этади.
«Мулк ҳуқуқи қадр-қимматини йўқотиб, 18 йил олдинги кадастрлар бир қалам ҳаракати билан нолга айлантирилса, иқтисодиётнинг пойдевори чилпарчин бўлади. Судлар мустақил бўлмас экан, бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги барча тадбирлар ва баландпарвоз гаплар шунчаки кўзбўямачилик бўлиб қолаверади», – дейди у.
Бизнес-омбудсман нима дейди?
Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) «Caravan Group»нинг мулкий ҳуқуқларини олий суд инстанцияларида охиригача ҳимоя қилишини билдирди.
«Мазкур ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, тадбиркорнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд инстанцияларида фаол иштирок этиб келмоқда», – дейилади Бизнес-омбудсман баёнотида.
Билдирилишича, тадбиркор фойдасига 12,5 млрд сўм миқдорида компенсация ундириш масаласи кўрилган суд жараёнларида Бизнес-омбудсман вакиллари ҳам қатнашган. Мазкур иш бўйича чиқарилган суднинг сўнгги қарорида компенсация ундириш назарда тутилмаганлиги сабабли, ҳозирда ушбу қарор устидан Олий суднинг тафтиш инстанциясига шикоят киритиш ишлари олиб борилмоқда.
«Бизнес-омбудсманнинг кассация шикояти асосида Тошкент вилоят маъмурий суди томонидан кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш қисми бўйича иш юритиш тугатилишига эришилди. Ҳозирда ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш қисми бўйича тафтиш тартибида шикоят тайёрланмоқда», – дейилади баёнотда.
Бизнес-омбудсман девони тадбиркорнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қатъий позицияда эканлигини ва суд жараёнларида охиригача кўмаклашишини билдирган.





