Logo

Мурожаатлар билан ишлашда энг ёмон банклар маълум қилинди

Bugun 20:122 daqiqa

Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш сифати бўйича энг паст натижа қайд этган банклар рўйхати эълон қилинади.

Мурожаатлар билан ишлашда энг ёмон банклар маълум қилинди

Ўзбекистонда банкларнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини баҳоловчи махсус индекс жорий қилинди. Бу ҳақда 13 июн куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Марказий банк бошқаруви раиси Тимур Ишметов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур индекс асосида мурожаатлар билан ишлаш бўйича энг паст кўрсаткич қайд этган банклар рўйхати шакллантирилган. Регулятор келаси ҳафтадан бошлаб ушбу банклар номини жамоатчиликка эълон қилишни режалаштирмоқда.

Тимур Ишметов бу ташаббус банклар томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мижозлар билан ишлаш сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, шаффоф рейтинг тизими молия муассасаларини масъулиятлироқ ишлашга ундайди.

Шунингдек, бир ой ичида Марказий банк ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг банк хизматларига оид мурожаатлари учун иккита янги алоқа каналини ишга туширади. Янги тартибга мувофиқ, мурожаатлар бўйича банклар бир соат ичида жавоб бериши ва муаммони ҳал қилиш чораларини кўриши лозим бўлади.

Марказий банкдаги камчиликлар

Марказий банк раҳбари тизимнинг ўзида ҳам камчиликлар мавжудлигини тан олди. Унинг маълум қилишича, ўтган ойда Call-марказ янгиланиб, замонавий контакт-марказга айлантирилди ва ҳозирда синов режимида ишламоқда.

Натижада мурожаатлар сони қарийб олти баробар ошган. Илгари кўплаб фуқаролар Марказий банкка қўнғироқ қилишда қийинчиликка дуч келгани сабабли мурожаатларни қабул қилиш даражаси паст бўлган. Регулятор яқин ойларда контакт-марказ фаолияти бўйича алоҳида ҳисобот тақдим этишни ҳам режалаштирмоқда.

Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, 2025 йилдан бошлаб банклар томонидан мижозлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш соҳасида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Мурожаатлар билан ишлашда энг ёмон банклар маълум қилинди | Vaqt.uz