Навоийда 1100 дона патрон сақлаган фуқаро қўлга олинди
Патронларнинг 500 донаси автотранспорт воситасидан, қолган 600 таси фуқаронинг яшаш хонадонидан топилган.

Навоий вилоятининг Конимех туманида автомобили ва уйида жами 1100 дона 5,6 мм калибрли отиш учун яроқли патронларни ноқонуний сақлаган шахс қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Маълумотга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахс назоратга олинган.
Унга тегишли Оних русумли автотранспорт воситаси Конимех тумани ҳудудида кўздан кечирилган. Автомашина юкхонасидан 500 дона 5,6 мм калибрли отиш учун яроқли патронлар топилиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, гумонланувчининг яшаш манзили ҳам текширилган.
Уйидан яна 600 дона шу турдаги патронлар ашёвий далил сифатида мусодара қилинган. Шу тариқа, жами 1100 дона ўқ-дори ноқонуний сақланаётгани аниқланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси 3-қисми, яъни ўқотар қурол ва ўқ-дориларнинг қонунга хилоф муомаласи бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





