
Навоийда автобус ағдарилиши оқибатида икки киши ҳалок
Томди туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки нафар йўловчи ҳалок бўлди, яна тўққиз киши шифохонага ётқизилди.

Навоий вилояти Томди тумани ҳудудида 5 январ куни соат 07:40 атрофида Зарфшон—Навоий йўналишида ҳаракатланаётган 47 нафар йўловчи бўлган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учради.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилишича, ҳодиса А-379 Навоий—Учқудуқ халқаро аҳамиятга эга автомобил йўлининг 167–168-километрлари оралиғида, Томди туманининг «Томдибулоқ» ОФЙ ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган.
Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, ZHONG TONG BUS русумли автобусни 1986 йилда туғилган, 17 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга Ш.Х. бошқариб бораётган бўлган. Техник жиҳатдан соз ҳолдаги транспорт воситаси ҳаракат давомида ҳайдовчи назоратидан чиқиб, йўлнинг ўнг томонига чиқиб ағдарилиб кетган.
Ҳодиса оқибатида автобусда бўлган икки нафар фуқаро олган оғир тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, турли даражада тан жароҳатлари олган тўққиз нафар йўловчи тезкор равишда тиббиёт муассасаларига ётқизилган.
Айни пайтда Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳодиса юзасидан батафсил текширув ишлари олиб борилмоқда. Воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаш, жабрланганларга ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келган омилларга ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.





