«Nestle», «Danone», «Lactalis»: Болалар сути билан боғлиқ болалар ўлими юзасидан тергов бошланди

Kecha 19:552 daqiqa

Болалар сути ишлаб чиқарувчилари атрофидаги ушбу вазиятга цереулид токсини сабаб бўлган бўлиши мумкин.

«Nestle», «Danone», «Lactalis»: Болалар сути билан боғлиқ болалар ўлими юзасидан тергов бошланди

Франция расмийлари сифатсиз болалар сути бўйича кенгайиб бораётган суриштирувлар доирасида учинчи гўдакнинг ўлими юзасидан тергов бошлади. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.

Учинчи ўлим ва давом этаётган тергов

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига кўра, чақалоқ сотувдан қайтариб олинган сутли аралашмани истеъмол қилган, бироқ ҳозирча ўлим ҳолати ва маҳсулот ўртасида бевосита боғлиқлик борлиги исботланмаган.

Қайд этилишича, сўнгги ҳафталарда яна икки нафар чақалоқнинг вафоти юзасидан Бордо ва Анже шаҳарлари прокуратуралари томонидан алоҳида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Вазирлик учинчи ҳолат бўйича текширув айнан қайси ҳудудда ўтказилаётганини ҳозирча очиқламаган.

Йирик компаниялар маҳсулотлари сотувдан олинмоқда

Ушбу инқироз «Nestle SA», «Danone SA» ва «Groupe Lactalis» каби йирик ишлаб чиқарувчиларга дахлдор бўлиб, уларнинг барчаси маълум турдаги маҳсулотларини бозордан қайтариб олган.

Ўтган ҳафтада Европа озиқ-овқат хавфсизлиги органлари минтақа давлатлари учун токсинларнинг янги, янада пастроқ даражалари тавсиясини эълон қилганидан сўнг, яна бир неча давлатлар ушбу маҳсулотларни сотувдан олишни бошлади.

Заҳарланиш сабаби: Хитой хомашёсидаги хавфли токсин

«Болалар сути ишлаб чиқарувчилари атрофидаги ушбу вазиятга цереулид — одатда болалар озуқасига қўшиладиган, ифлосланган арахидон кислотаси мойида (ARA) учрайдиган токсин сабаб бўлган бўлиши мумкин. Гарчи компанияларнинг ҳеч бири заҳарланиш манбасини расман очиқламаган бўлса-да, ушбу хомашёни етказиб берувчи Хитойнинг «Cabio Biotech Wuhan Co» компанияси экани аниқланган», — дейилади хабарда.

«Nestle» учинчи ўлим ҳолати бўйича сўровга жавобан вазиятни ўрганаётганини билдирган. «Danone» ва «Lactalis» компаниялари эса ҳозирча изоҳ беришдан бош тортган.

Молиявий оқибатлар ва аввалги чекловлар

Мазкур хабарлар ортидан «Nestle» аксиялари сўнгги бир ойдаги энг паст кўрсаткич — 3 фоизгача, «Danone» аксиялари эса 3,6 фоизгача арзонлашган.

Франция расмийларининг қўшимча қилишича, қайтариб олинган сутли аралашмани истеъмол қилгани тахмин қилинаётган 14 нафар гўдак шифохонага ётқизилиб, муолажалардан сўнг уйига жавоб берилган. Уларнинг ҳолати ва цереулид токсини ўртасидаги боғлиқлик ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Аввалроқ Франциянинг сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Lactalis» компанияси етказиб берувчилардан бирининг хомашёсида цереулид токсини аниқлангани сабаб Picot бренди остидаги олти турдаги болалар сутини ихтиёрий равишда қайтариб олишини эълон қилган эди.

Teglar

Mavzuga oid