
Nestle заҳарли модда сабаб Ўзбекистондаги болалар озуқаларини қайтариб олмоқда
Nestle компанияси Ўзбекистон бозоридаги болалар учун мўлжалланган қуруқ сут аралашмаларининг айрим партияларини таркибида хавфли токсин бўлиши эҳтимоли сабабли ихтиёрий равишда қайтариб олишни бошлади.

«Nestle Food» МЧЖ ХК Ўзбекистон ҳудудида болалар озуқасининг айрим чекланган партияларини ихтиёрий равишда қайтариб олишни бошлади. Бу эҳтиёт чора мақсадида амалга оширилмоқда.
Қайтариб олинаётган маҳсулотлар тез эрувчан сутли ва нордон сутли қуруқ аралашмалар, шунингдек аминокислоталар асосидаги махсус даволовчи қуруқ аралашмаларнинг айрим партияларини қамраб олади.
Хусусан, қуйидаги маҳсулотлар қайтариб олинмоқда:
NAN 1 OPTIPRO – айрим партиялар;
NAN 2 OPTIPRO – айрим партиялар;
NAN Kislomolochniy (0–12 oy) – 1 партия;
NAN Supreme (0–12 oy) – 1 партия;
ALFARÉ Amino – айрим партиялар.
Компания хабарига кўра, Nestle ташқи етказиб берувчидан олинган хомашёда (арахидон кислотаси) цереулид токсини бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ эҳтимолий хавфни аниқлаган. Шу сабаб компания глобал миқёсда айрим партияларни ихтиёрий қайтариб олишга қарор қилган.
Ушбу ингредиент миқдори жуда кам бўлиб, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларида цереулид токсини бўйича норматив талаб мавжуд эмас. Шунга қарамай, компания эҳтимолий хавфларни олдини олиш мақсадида 2026 йил 5 январдан бошлаб мазкур чорани амалга оширмоқда.
Қайд этилишича, Nestle Food бу ҳақда тегишли регулятор органларни хабардор қилган ва истеъмолчиларга зарур маълумотларни тақдим этишга тайёр.
Кўрсатилган партиялардаги маҳсулотларни харид қилган истеъмолчилар уларни компания белгилаган тартибда қайтаришлари мумкин. Қўшимча маълумот олиш учун истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш хизматига +998 78 120 20 55 телефон рақами орқали мурожаат қилиш тавсия этилди.
Таъкидланишича, қайтариб олиш амалиёти фақат юқорида кўрсатилган чекланган партияларга тааллуқли бўлиб, бошқа партиялар ва Nestle компаниясининг Ўзбекистонда сотилаётган бошқа болалар озуқаси маҳсулотларига тегишли эмас.
Цереулид нима ва у нима учун хавфли?
Цереулид — бу Bacillus cereus бактерияси томонидан ишлаб чиқариладиган заҳарли моддадир. Буюк Британия Озиқ-овқат стандартлари агентлигининг огоҳлантиришича, ушбу токсин:
• тез ривожланувчи қусиш ва ошқозон оғриғига сабаб бўлади.
• пишириш, қайнатилган сувдан фойдаланиш ёки сут аралашмасини тайёрлаш жараёнида парчаланмайди ва ўз кучини йўқотмайди.
Мижозлар маҳсулотнинг хавфли эканини текшириш учун идишнинг пастки қисмидаги серия рақамини (batch code) компания сайтидаги рўйхат билан солиштиришлари лозим. Nestle зарар кўрган мижозларга тўланган маблағни қайтариб беришни ўз зиммасига олди.





