Нодавлат тиббиёт ташкилотларига трансплантация амалиётларини ўтказишга рухсат берилади

Bugun 12:251 daqiqa

2027 йил 1 майдан бошлаб, аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотлари трансплантация амалиётларини қонун доирасида ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига трансплантация амалиётларини ўтказишга рухсат берилади © cafef.vn

Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ, мамлакатда нодавлат тиббиёт секторининг имкониятлари янада кенгаймоқда. Хусусан, миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган хусусий клиникаларга инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилишга рухсат берилиши белгиланди.

Янги тартибга кўра, нодавлат тиббиёт ташкилотлари трансплантация амалиётларини ўтказиш учун белгиланган қонунчилик талабларига тўлиқ риоя қилиши шарт. Бу талабларга амал қилиш тиббий фаолият учун лицензия олишнинг асосий шартларидан бирига айланади.

Шу билан бирга, трансплантация билан боғлиқ фаолият “Хавфни таҳлил қилиш” тизими орқали юқори хавф тоифасига киритилади. Бу эса назорат ва мониторинг механизмларини янада кучайтиришни назарда тутади.

Тиббий амалиётлар бўйича барча маълумотлар мунтазам равишда Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилади.

Вазирлик томонидан трансплантация ўтказувчи муассасалар учун лаборатория стандартлари, шунингдек, молекуляр-генетик текширувларга оид махсус талаблар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, давлат бюджети доирасида беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Трансплантациядан кейинги реабилитация жараёни учун алоҳида тартиб жорий этилиб, бу даврда нодавлат тиббиёт ташкилотларининг масъулияти ва беморларга кўрсатиладиган хизматлар доираси аниқ белгилаб берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига трансплантация амалиётларини ўтказишга рухсат берилади | Vaqt.uz