Океанлардаги танкерларда 1 млрд баррел нефт тўпланди: қарийб ярми — санкциядаги давлатларники
Bloomberg хабарига кўра, август ойидан бери жаҳон океанларидаги танкерларда 1 миллиард баррелга яқин нефт йиғилиб қолган. Бу ҳолат санкцияланган давлатлар ҳиссаси ҳисобига юзага келган.

Bloomberg нашри Vortexa, Kpler ва OilX маълумотларига таяниб, туриб қолган танкерлардаги нефтнинг 20–40 фоизи Россия, Эрон ва Венесуэладан эканини маълум қилди. Глобал ишлаб чиқаришда бу давлатлар улуши 17 фоизни ташкил этса-да, уларнинг нефти нисбатан тезроқ тўпланмоқда.
Бу ҳодиса нафақат ишлаб чиқариш ўсиши, балки Ғарб санкцияларининг таъсири билан боғлиқ. Санкциялар туфайли кўплаб портлар Россия нефтини қабул қилмаяпти, деб таъкидлайди Clarksons Securities таҳлилчилари. Натижада, юкни тушириш имкони йўқ ва танкерларда йиғилиш давом этмоқда.
Бундан ташқари, ҳеч қандай санкцияга учрамаган нефт ҳам танкерларда қолиб кетмоқда. Саудия Арабистони сўнгги ойларда ишлаб чиқариш ва экспортни кучайтиргани боис, унинг нефти ҳам денгизда туриб қолмоқда.
Bloomberg манбаси танкерлардаги нефт тўпланиши нафақат геосиёсий сабаблар, балки логистикадаги чекловлар ва бозордаги талаб-таклиф мувозанатига боғлиқ эканини ҳам қайд этди. Бу эса глобал энергетика бозорига таҳдид солиши мумкин.





