add

ОКМК сунъий интеллект орқали ишлаб чиқаришни ўзгартиради

Bugun 18:223 daqiqa

Олмалиқ кон-металлургия комбинати сунъий интеллектни жорий этиш орқали 2030 йилгача харажатларни камайтириш ва хавфсизликни оширишни мақсад қилган.

ОКМК сунъий интеллект орқали ишлаб чиқаришни ўзгартиради

Сунъий интеллект улкан ҳажмдаги маълумотларни инсон ҳеч қачон уддалай олмайдиган тезликда аниқ таҳлил қилиш ва қайта ишлашга қодир. Шу туфайли сунъий интеллект кўплаб соҳаларда бебаҳо воситага айланди, чунки у мураккаб вазифаларни тезда ҳал қилишга қодир бўлиб, унумдорлик ва самарадорликни оширади. Бугунги кунда сунъий интеллект тизимлари саноат ишлаб чиқариши, илмий тадқиқотлар, тилшунослик, санъат, тиббиёт, таълим, молиялаштириш ва бошқа соҳаларда қўлланилмоқда.

Жумладан, йирик саноат корхонаси бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолиятида ҳам янги рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш мақсадида Сунъий интеллектни жорий этиш ва ривожлантириш бўлими ташкил этилди.

Хусусан, комбинатда сунъий интеллектни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган концепция ишлаб чиқилди. Унинг асосий мақсади — СИ технологияларини ишлаб чиқариш занжирининг барча босқичида қўллаш орқали глобал рақобатбардошликни таъминлаш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва ишлаб чиқариш хавфсизлигини ошириш учун комбинатни интеллектуал корхонага айлантиришдан иборат.

Ушбу босқичда СИни жорий этишнинг асосий йўналишлари технологик жараёнлар (тоғ-кон, бойитиш, металлургия, ташиш), саноат хавфсизлиги ва экология (махсус ҳимоя воситаларининг видео таҳлили, чиқинди омборлари ва атроф-муҳит мониторинги), корпоратив бошқарув (рақамли ёрдамчилар, харидлар ва омборларни бошқариш, HR-таҳлил) сифатида белгиланди.

Биринчи босқичда, жорий йилда маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриш, сунъий интеллект лабораториясини ташкил этиш, жамоани шакллантириш, майдалаш ва флотация жараёнларига таъсир кўрсатадиган тез иқтисодий самарадорликка эга бўлган тажриба лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, саноат хавфсизлигини таъминлаш ва жароҳатларни камайтириш учун компьютер кўриш тизимларини жорий этиш, ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш бўйича кенг кўламли дастурлар ва рационализаторлик таклифларини йиғиш механизмларини ишга тушириш режалаштирилган.

Иккинчи босқичда (2027–2028 йиллар) муваффақиятли тажриба-синов лойиҳалари бойитиш фабрикалари, Мис эритиш заводининг барча технологик занжирларига жорий этилади. Кимёвий таҳлил маълумотларини тўлиқ рақамлаштириш ва уларни машинали ўқитиш моделларига интеграция қилиш учун ягона лаборатория ахборот тизимини (LIMS) жорий этиш, муҳим кон ва технологик ускуналарда башоратли диагностика тизимларини жорий этиш кўзда тутилган.

Учинчи босқичда эса (2029–2030 йиллар) комплекс автоном тизимлар, бутун комбинатни башоратли бошқариш, маълумотларнинг тўлиқ интеграциясини ўз ичига олган экотизим яратилади.

Концепцияни амалга оширишнинг стратегик мақсади комбинат ишлаб чиқариш активларини «Интеллектуал ишлаб чиқариш» экотизимига трансформация қилишдан иборат. Унга эришиш ишлаб чиқариш занжирининг асосий тармоқларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали таъминланади: геологик қидирув ва маъданни қазиб олишдан тортиб, бойитиш ва тайёр металлургия маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача қамраб олинади.

Шундай қилиб, ОКМКда сунъий интеллект тизимларидан фойдаланиш орқали 2030 йилга бориб операцион харажатларни  камида 10-15 фоизга камайтириш, видеотаҳлил ва башоратли диагностика тизимлари орқали ишлаб чиқариш жароҳатлари ва бахтсиз ҳодисалар даражасини камайтириш, сунъий интеллект маслаҳатчилари орқали бойитиш фабрикаларида фойдали компонентларни ажратиб олишни ошириш, ўз инфратузилмаси ва корпоратив билимлар базасини яратиш режалаштирилди,

ОКМК Ахборот хизмати.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Teglar

Mavzuga oid