Logo

Ўлат хавфи ва чегаралардаги назорат: Ўзбекистонда вазият қандай?

Bugun 18:272 daqiqa

Россиянинг Иркутск шаҳрида ўлат касаллиги бўйича гумон қилиниш ҳолати қайд этилгани ҳақида тарқалган хабарлар ортидан Нурмат Отабеков Ўзбекистонда бу борадаги вазият қандай экани борасида изоҳ берди.

Ўлат хавфи ва чегаралардаги назорат: Ўзбекистонда вазият қандай?

Ўзбекистонда ўлат касаллиги бўйича эпидемиологик вазият барқарор бўлиб, аҳолининг хавотирланишига ҳеч қандай асос йўқ. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.

Мазкур баёнот сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясининг Иркутск шаҳрида ўлат касаллиги бўйича гумон қилиниш ҳолати қайд этилгани ҳақида тарқалган хабарлар ортидан берилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Россия Федерациясининг «Роспотребнадзор» ташкилоти расмий маълумотларига кўра, Иркутск шаҳрида кузатилган ҳолатнинг ўлат касаллиги, хусусан, унинг ўпка шакли билан боғлиқ экани ҳозирча тасдиқланмаган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тегишли текширувлар олиб борилмоқда.

«Юртимизда шу ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар тизими яратилган», - дейди Отабеков.

Унга кўра, давлат чегараларини кесиб ўтиш жойлари, жумладан, халқаро аэропортлар, темир йўл станциялари ва автомобиль йўлларида жами 53 та санитария назорат пункти фаолият юритмоқда.

«Улар орқали хориждан юртимизга кириб келаётган шахслар доимий тиббий кузатувдан ўтказилади. Қолаверса, ҳудудий санитария-эпидемиология хизматларининг ўта хавфли юқумли касалликларни аниқлашга ихтисослашган лабораториялари зарур диагностик воситалар, озуқа муҳитлар, реагентлар ва реактивлар билан тўлиқ таъминланган», - дея тушунтирди у.

Маълумот ўрнида, ўлат — бактериялар томонидан чақириладиган ўта хавфли юқумли касалликдир. Унинг табиий ўчоқлари дунёнинг айрим ҳудудларида мавжуд бўлиб, хасталик асосан майда сут эмизувчи ҳайвонлар орасида учрайди. Инсонга эса кўп ҳолларда касалланган ҳайвонлар ва улардаги бургалар чақиши орқали юқиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Иркутск вилоятидаги вазият 2 октябрь куни 28 ёшли аёлнинг пневмония сабабли вафот этганидан сўнг муҳокамаларга сабаб бўлди. У Иркутскдаги ўлатга қарши илмий-тадқиқот институти ходими бўлган. Ҳодисадан кейин бемор билан алоқада бўлган қарийб 200 киши тиббий кузатувга олинган, айрим шифохоналарда карантин чоралари жорий этилган.

Бироқ Россиянинг Роспотребнадзори ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Иркутскда ўлат касаллиги тасдиқланган ҳолатлар қайд этилмаган. Алоқада бўлган шахсларда ҳам ўлат белгилари аниқланмаган. Россия томони ҳодиса юзасидан текширувларни давом эттирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Ўлат хавфи ва чегаралардаги назорат: Ўзбекистонда вазият қандай? | Vaqt.uz