add

Олимлар бахтли ҳаёт учун етарли пул суммасини аниқлади

Kecha 16:582 daqiqa

Халқаро тадқиқотга кўра, инсонни умри охиригача бахтли қилиш учун миллиардлаб доллар шарт эмас, аксарият одамлар анча камроқ сумма билан ҳам қаноатланар экан.

Олимлар бахтли ҳаёт учун етарли пул суммасини аниқлади

Катта пул — катта бахт деган қараш илмий тадқиқот натижалари билан шубҳа остига қўйилди. Психологлар томонидан ўтказилган кенг қамровли тадқиқот бахт ва пул ўртасидаги боғлиқлик ҳақидаги машҳур қарашларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

Илмий иш University of Bath мутахассислари томонидан, доктор Пол Бейн раҳбарлигида амалга оширилган. Унда дунёнинг 33 давлатидан қарийб 8 минг киши иштирок этди. Қатнашчилар географияси Франция ва Саудия Арабистонидан тортиб, Уганда ва Виэтнамгача бўлган ҳудудларни қамраб олди.

Тадқиқот иштирокчиларига битта оддий, аммо мазмунли савол берилди: «Агар лотереядан ютсангиз, мутлақо бахтли ҳаёт кечириш учун қанча пул керак бўлар эди?» Жавоб вариантлари жуда кенг диапазонда — 10 минг доллардан 100 млрд долларгача белгиланди. Бу эса инсонларнинг реал истаклари ва идеал тасаввурлари ўртасидаги фарқни аниқлаш имконини берди.

 

Кутилмаган рақамлар

Натижалар кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Аниқланишича, сўровда қатнашганларнинг 86 фоизи учун бахтли ҳаёт рамзи сифатида 10 млн доллар етарли, деб ҳисобланган. Янада қизиғи, деярли ҳеч ким энг катта — ўнлаб миллиард долларлик суммаларни танламаган. Айрим мамлакатларда эса иштирокчилар бахт учун ҳатто 1 млн долларгача бўлган маблағни кифоя, деб баҳолаган.

Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, масалан, 38 ёшли инсон учун, агар ўртача умр давомийлиги 78 йил деб олинса, 10 млн доллар бутун ҳаёт давомида йиллик тахминан 25 минг доллар сарфлаш имконини беради. Бу кўрсаткич кўпчилик учун барқарор, режали ва хавотирсиз ҳаёт кечиришга етарли, деб баҳоланган. Мутахассислар фикрича, айнан барқарорлик ва режалаш имкони инсон бахтида ҳал қилувчи ўрин тутади.

 

Иқтисодий миф инкор этилди

Тадқиқот муаллифлари натижалар асосида иқтисодиётдаги асосий назариялардан бирига шубҳа билан қарашни таклиф қилмоқда. Ушбу назарияга кўра, инсон эҳтиёжлари чекланмаган ва уларни доимо қондиришга интилиш керак. Аммо психологлар бу қоида универсал эмаслигини таъкидламоқда.

Олимларнинг хулосасига кўра, пулга нисбатан чексиз интилиш фақат жамиятнинг кичик қисмига хос. Кўпчилик эса маълум даражадаги молиявий хотиржамликка эришгач, қўшимча бойликни эмас, балки вақт, саломатлик ва маънавий қониқишни устун қўяди. Бу ҳақда тадқиқот натижаларини шарҳлаган «Вокруг света» нашри ҳам ёзади. Мутахассислар бундай хулосалар ижтимоий сиёсат ва иқтисодий режалаштиришда ҳам инобатга олиниши мумкинлигини қайд этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid