add

Ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олиш ишларига мажбурий жалб қилиняптими?

Bugun 15:122 daqiqa

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасида ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олиш ишларига мажбурий жалб қилинаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий баёнот берди.

Ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олиш ишларига мажбурий жалб қилиняптими?

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистонда ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олиш ишларига мажбурий жалб қилинаётгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ушбу маълумотлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан хизмат текшируви ўтказган.

Баёнотда келтирилишича, Беруний туманидаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактаб мисолида ҳолат таҳлил қилинган. Аниқланишича, мазкур мактабда жами 76 нафар ишчи-ходим фаолият юритади ва жамоа тўлиқ тарзда аҳолини рўйхатга олиш жараёнидан ўтган. Шу билан бирга, ўқитувчиларга ўқувчиларнинг ота-оналарини ёки бошқа фуқароларни рўйхатга олиш бўйича ҳеч қандай топшириқ берилмаган.

Вазирлик маълумотига кўра, педагог ходимлар қўшимча ёки мажбурий ишларга жалб этилмаган. Таълим муассасаларида ўқитувчилар фақат ўз хизмат вазифалари доирасида фаолият олиб бориши лозимлиги, уларга тегишли бўлмаган ишларга жалб этиш қонунчиликка зид экани таъкидланган.

Маʻлумот учун, аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги фармони асосида амалга оширилади. Унга мувофиқ, 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар мамлакат бўйлаб “Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш” тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

Фармонда белгиланишича, ушбу жараённи амалга ошириш маҳалла еттилиги зиммасига юклатилган бўлиб, таълим муассасалари ва педагог ходимлар бунга жалб этилмайди.

Шу билан бирга, вазирлик таълим тизимида ходимларни мажбурий равишда бошқа ишларга жалб қилиш ҳолатларига йўл қўйилмаслигини яна бир бор эслатди. Бундай ҳолатлар аниқланса, улар бўйича тегишли чоралар кўрилиши билдирилди.

Teglar

Mavzuga oid