Logo

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ходимларининг коррупсион схемаси фош этилди

Bugun 12:552 daqiqa

Агентлик ходимлари тадбиркорлик субъектларидан товарларни импорт қилишда расмийлаштириладиган ҳужжатлар учун норасмий «ставка»лар белгилаб олиб, пора талаб қилган.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ходимларининг коррупсион схемаси фош этилди © istock

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги масъул ходимлари иштирокида ташкил этилган коррупсион схема фош этилди.

Тергов материалларига кўра, агентлик тизимида импорт операциялари билан боғлиқ турли рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш учун норасмий тўлов «ставка»лари шаклланган. Жумладан, карантин кўриги далолатномаси учун 100 минг сўмдан 2 миллион сўмгача, импорт карантин рухсатномаси учун 300 минг сўмдан 5 миллион сўмгача пул талаб қилинган.

Шунингдек, кўчат ва уруғлик маҳсулотлари учун 500 доллардан 5 минг долларгача, фитосанитар сертификатлари учун 50 минг сўмдан 400 минг сўмгача ҳамда хорижий экспортёрлар реестрига киритиш учун 3 минг доллардан 10 минг долларгача маблағ сўралгани маълум қилинди.

Миллиардлаб сўмлик пул айланмаси

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида ўтказилган тадбирда фуқаро Г.У. Туркиянинг “Й.Т.” компаниясини хорижий экспортёрлар реестрига киритиб бериш эвазига минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширувларда у агентликнинг бош мутахассиси М.Г. билан тил бириктириб, Россия ва Туркманистондан маҳсулот импорт қилиш учун рухсатнома расмийлаштириш баҳонасида 2,9 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олгани ҳам аниқланган.

Шунингдек, Г.У.нинг икки банк картаси орқали жами 10,9 миллиард сўм маблағ айлантирилгани маълум бўлди. Ушбу маблағнинг 6,1 миллиард сўми нақдлаштирилган, 1,6 миллиард сўми турли тўловларга сарфланган, қолган 3,1 миллиард сўми эса шахсий эҳтиёжлар учун ишлатилган.

Таҳлиллар давомида агентлик ва унинг қуйи ташкилотлари ҳисоб рақамларига келиб тушган 91,7 миллиард сўмлик тўловлар ҳам ўрганилди. Натижада 14,9 миллиард сўмлик операциялар 759 нафар фуқаронинг пластик карталари орқали амалга оширилгани аниқланган.

Уларнинг 174 нафари агентлик ходимлари, 34 нафари эса уларнинг яқин қариндошлари экани маълум қилинди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ходимларининг коррупсион схемаси фош этилди | Vaqt.uz