add

Отабек Бакиров давлат шифохоналарининг сотилиши ҳақида: «Масала Сенатда кўриб чиқилиши керак»

Bugun 17:151093 daqiqa

«Аввал иқтисод…» таҳлилий кўрсатуви эксперти Отабек Бакиров давлат шифохоналарининг сотилиши масаласини кўтариб, бу ишни Сенат даражасида муҳокама қилишни таклиф қилди.

Отабек Бакиров давлат шифохоналарининг сотилиши ҳақида: «Масала Сенатда кўриб чиқилиши керак»

«Аввал иқтисод…» таҳлилий кўрсатуви эксперти Отабек Бакиров давлат шифохоналари тақдири билан боғлиқ вазиятга жамоатчилик эътиборини қаратди. Унинг таъкидлашича, онкология йўналишидаги айрим давлат шифохоналарининг фаолияти янги республика марказига кўчирилиши ортидан тўхтатилмоқда. Бу эса мазкур муассасалар ерлари ва биноларининг тижорий мақсадларда сотиб юборилиши хавфини кучайтиради.

«Мени бу жуда ҳам қаттиқ хавотирга солади. Сабаби нима? Ўша жойлар, яъни тижорий субъектларга сотиб юборилиши билан боғлиқ хавотир. Мен доим айтадиган нарсам, давлат шифохоналари тижорийлаштирилмаслиги керак. Чунки аҳолимиз ўсиб боряпти, аҳолимиз йилига 600–800 мингга кўпаймоқда. Тошкент шаҳрида аҳоли ўсаяпти, тиббиёт муассасаларига талаб ўсаяпти. Тушуняпсизми? Албатта, биз борини ҳеч бўлмаса сақлаб қолишимиз керак. Шунинг ўрнига биз борини йўқотиб туриб, тижорийлаштириш йўлидан юряпмиз.

Билмайман, у ерда эртага сотиб оладиган тадбиркорлар, қандай морал билан у ерда тадбиркорлик фаолиятини очади. Қайси морал билан шу қарор қабул қилувчилар шу шифохоналарни сотяпти, буни ҳам билмайман. Мен истаётган нарса, ҳеч бўлмаганда шу онкология йўналиши бўлмаса, бошқа йўналишда, бизга заруриятда юқори аҳамиятга эга бўлган бошқа йўналишда шифохоналарни сақлаб қолиш керак-да», — деди у.

Иқтисодчи, шунингдек, бўшаб қолаётган шифохоналар негизида аҳоли учун ўта зарур бўлган муқобид йўналишларни сақлаб қолиш мумкинлигини билдирди. Хусусан, оғир касалликларнинг охирги босқичидаги беморлар билан ишлайдиган ҳоспислар Тошкент шаҳрида деярли йўқлиги, бу эса алоҳида ижтимоий муаммо эканига урғу берилди.

«Ёки кўп марта гапириляпти, ҳоспислар ташкил қилиш тўғрисида-да. Шу [оғир касалликнинг] охирги босқичдаги беморлар билан ишланадиган тузилмалар Тошкент шаҳрида йўқ. Ҳоспислар ташкил қилишимиз мумкин. Шу имконияти ҳам бор, шундай имконияти бор», — деди у.

Бакиров парламент сайловлари даврида давлат шифохоналари ерлари ва активларини сотишни тақиқлаш бўйича қонун ташаббуси илгари сурилганини, аммо бу масала очиқ қолиб кетганини эслатди. У депутатларни ушбу йўналишда фаолроқ бўлишга чақирди.

«Бир йил аввал, парламент сайловлари пайтида «Адолат» партияси шу яхши ташаббус билан чиққан эдики, давлат шифохоналарининг ери ҳам, активлари ҳам сотилишини тақиқлаш тўғрисида. Кимки сотмоқчи бўлса, ўша сотмоқчи бўлаётганларни жазолаш тўғрисида бир қонун лойиҳасини таклиф қилган. Лекин ўша бир йил аввалги гап сўзлигича қолиб кетди-да.

Мана энди шунга парламентдаги депутатларимизни ҳам бир фаолроқ бўлишига, масалага бефарқ бўлмасликка чақириб қоламан-да», — деди у.

Шу муносабат билан Бакиров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевага мурожаат қилиб, масалани Сенат назоратига олиш, ижро ҳокимияти вакилларини чақирган ҳолда сенаторлик сўрови ёки суриштируви ўтказишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Тошкент аҳолиси ва даволанишга муҳтож минглаб фуқаролар учун ҳаётий аҳамиятга эга.

«Яна бизда юқори палатамизда, сенатимизда Тошкент шаҳридан сайланган сенаторларимиз бор. Мисол учун, сенатимизнинг раиси Тошкент шаҳридан сайланган. Танзила Камоловна Норбоева Тошкент шаҳридан сайланган. Шу Танзила Камоловна мисол учун, қайсидир масалага эътиборли бўладиган бўлса, ўша масаланинг ечими ижобий ҳал бўлганини бир неча марта кўрганман-да.

Мен ҳозирги фурсатдан фойдаланиб, шу Сенатимизнинг раисига ҳам шу масалани ўз назоратига олиб, чуқурроқ масалани кўришни ёки сенатнинг қайсидир мажлисларида бу ижро ҳокимиятининг вакилларини чақириб, Сенат сўровини, Сенат суриштирувини ўтказишини бир сўраган бўлардим.

Тошкент учун керак шу. Тошкентликлар учун керак. Қанча заҳмат чекиб, шу ҳаётдан умидини узмай, эртанги куни учун умидини сақлаб, даволаниш истагидаги ўзбекистонликлар учун керак», — деди Бакиров.

Аввалроқ Vaqt.uz ёпилаётган Тошкент шаҳар онкология диспансеридан репортаж тайёрлаб, шиофокрлар ва беморларга микрофон тутган эди. Ушбу шифохона Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаёровнинг буйруғи билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказига қўшиляпти.

Teglar

Mavzuga oid