«Ўзбекфилм»нинг 22,9 млн евро кредит мажбурияти борлиги сабаб киностудиянинг мол-мулки ва ер майдонлари гаровга қўйилди
Маданият вазирининг биринчи ўринбосарига кўра, «Ўзбекфилм»нинг солиқлардан қарийб 1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлиги бор. Шу сабабли киностудия балансидаги 12 та автомашинанинг 12 кун ичида ауционга қўйилиш хавфи мавжуд. Ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар шаклланган.
© Wikimedia«Ўзбекфилм» киностудиясининг 22,9 миллион евро миқдорида кредит мажбурияти борлиги сабаб студиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам ушбу кредит учун гаровга қўйилган. Бу ҳақда маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.
У «Ўзбекфилм» асраб қолиш энг муҳим вазифа эканини ёзган. Қолаверса, муаммолар жуда кўплигини урғулаган.
«Лекин бугун уларнинг ҳаммасини бирма-бир санаб ўтиришни лозим топмадим. Чунки ҳозир ҳал қилиниши керак бўлган энг муҳим масала — “Ўзбекфилм”ни асраш ва уни гаровдан халос қилиш», — дейди вазир ўринбосари.
Вазирлик мулозимининг ёзишича, «Ўзбекфилм»нинг солиқлардан қарийб 1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлиги бор. Шу сабабли киностудия балансидаги 12 та автомашинанинг 12 кун ичида аукционга қўйилиш хавфи мавжуд. Ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар шаклланган.
Аҳмедовнинг таъкидлашича, киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб туролмайди. Яъни у амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолган.
«Бизнес модели йўқ. Бозор механизмига тўлиқ ўтилмаган. Бу — оддий рақамлар эмас. Бу рақамлар ортида асрлик ўзбек киноси тарихи, унинг обрўси ва тақдири турибди. “Ўзбекфилм”да не-не буюк режиссёрлар, актёрлар, операторлар, рассомлар ва кино мутахассислари ўз йўлини бошлаган. Халқимиз бугун ҳам севиб томоша қиладиган кўплаб фильмлар шу ерда яратилган.
Шунинг учун бугунги вазифа — студияни шунчаки сақлаб қолиш эмас. Уни тубдан ислоҳ қилиш керак», — дейди мулозим.
Бундан ташқари, Кинематография агентлиги директори молиявий жиҳатдан барқарор, замонавий бошқарувга эга, кучли ижодий жамоаларни бирлаштирадиган, хусусий инвестиция ва халқаро ҳамкорликни жалб қиладиган, ўз маҳсулоти билан бозорга чиқадиган ҳақиқий миллий кино компанияси барпо этиш кераклигини билдирган.
Vaqt.uz вазир ўринбосарининг пости юзасидан маълумот олиш учун «Ўзбекфилм» матбуот котиби Муборак Мамутова билан боғланди. Унинг айтишича, ташкилотда ойликларни кечиктириб бериш ҳолатлари бўлиб турибди. Ташкилот сўзловчиси қолган важлар бўйича маълумотни раҳбар розилигисиз бера олмаслигини билдирди. Таҳририят ташкилот раҳбариятига сўров юборди, аммо «Ўзбекфилм» жавоблар йўлламади.





