Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон ўртасидаги отишмани тўхтатишга чақирди

27.02.2026 | 21:181 daqiqa

Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ва Покистон чегарасида қуролли тўқнашувлар кучайиб бораётгани муносабати билан баёнот эълон қилди.

Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон ўртасидаги отишмани тўхтатишга чақирди

Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара ҳудудида вазиятнинг кескинлашаётганидан чуқур хавотирда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида келтирилган.

«Биз томонларни дарҳол отишмани тўхтатишга, вазминликка ва кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз», - дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон томони юзага келадиган барча келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий ва дипломатик мулоқотлар орқали, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва ўзаро ҳурмат принциплари асосида ҳал этилиши тарафдори.

Чегарадаги тўқнашувлар

Маълумот учун, феврал ойининг иккинчи ярмида «Дюранд чизиғи» бўйлаб (хусусан, Торхам ва Спин-Болдак йўналишларида) икки мамлакат чегара қўшинлари ўртасида отишмалар содир бўлди. Бунга чегара тўсиқларини ўрнатиш ва назорат пунктларидаги тартиб бўйича келишмовчиликлар сабаб бўлган.

Покистон томони Афғонистон ҳудудидан туриб ҳаракат қилаётган қуролли гуруҳларнинг ҳужумлари кескинлашганини даъво қилмоқда. Афғонистон муваққат ҳукумати эса бу айбловларни рад этиб, Покистонни ўз суверенитетига дахл қилишда ва ҳаво ҳудудини бузишда айбламоқда.

Teglar

Mavzuga oid