Ўзбекистон Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотига аъзо бўлди

Bugun 09:372 daqiqa

Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотига аъзолик давлатларга техник ҳамкорлик, сиёсий мулоқот ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган минтақавий ташаббусларда иштирок этиш имконини беради.

Ўзбекистон Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотига аъзо бўлди © https://una-oic.org/

Ўзбекистон Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти — IOFSга расман аъзо бўлди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ташкилотга қўшилиши натижасида IOFSга аъзо давлатлар сони 43 тага етган. Ташкилот буни Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ўртасида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаган.

Ташкилот низомини имзолаш маросими

IOFS низомини имзолаш маросими Бокуда ўтган 19-Озарбайжон халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси ва форуми доирасида ташкил этилди. Ҳужжатни Озарбайжон қишлоқ хўжалиги вазири Межнун Мамедов ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов имзолаган.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистоннинг аъзолиги IOFSнинг стратегик кенгайишига хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатнинг агросаноат соҳасидаги тажрибаси, қишлоқ хўжалиги салоҳияти ва инновацион ёндашувлари ташкилот имкониятларини янада кучайтиради.

Ташкилотга аъзолик нима беради?

Ҳозирда IOFS янги аъзолар билан қишлоқ хўжалиги инновациялари, қўшимча қиймат занжирларини ривожлантириш, сув ресурсларини рақамли бошқариш, экологик барқарор қишлоқ хўжалиги усуллари ва трансчегаравий зараркунандаларга қарши кураш каби йўналишларда ҳамкорлик қилмоқда.

Ташкилот таъкидлашича, аъзолик давлатларга техник ҳамкорлик, сиёсий мулоқот ва минтақавий ташаббусларда иштирок этиш имконини беради. Шу билан бирга, IOFS озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалиги соҳасида амалий лойиҳаларга ўтиш жараёни кучайиб бораётганини билдирган.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистон Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотига аъзо бўлди | Vaqt.uz