add

Ўзбекистон стартап экотизими қиймати 3,9 млрд долларга етди

Bugun 07:582 daqiqa

2026 йилда Ўзбекистонда 5G жорий этилади, стартаплар сони ошади ва сунъий интеллект учун супер компютер ишга тушади. Грантлар, солиқ имтиёзлари ва тўлиқ рақамлаштириш орқали стартап экотизимини кескин кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон стартап экотизими қиймати 3,9 млрд долларга етди

20 январ куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рақамли технологияларни ривожлантириш соҳасида 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар бўйича тақдимот билан танишди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда стартап ва венчур экотизимини қўллаб-қувватлаш бўйича янги ёндашувлар тақдим этилди.

Халқаро экспертлар тадқиқотларига асосан, 2024–2025 йилларда Ўзбекистон стартап ва венчур экотизимининг умумий қиймати 3,9 млрд АҚШ долларига етган. Мамлакатдаги стартаплар сони 750 тадан ошган, 15 та венчур фонди фаолият юритмоқда, венчур капитал ҳажми эса 180 млн доллардан зиёд. Ўзбекистон дунёда иккинчи энг тез ўсувчи стартап экотизими, Марказий Осиёда эса етакчи сифатида эътироф этилмоқда.

 

Венчур инвестиция ҳажми оширилади

Тақдимотда 2030 йилгача стартаплар сонини 5 мингтага, ташқи бозорга чиққан стартапларни 200 тага, венчур инвестиция ҳажмини эса 2 млрд долларга етказиш режалаштирилгани айтилди. Бу мақсадларга эришиш учун халқаро тажрибага асосланган тўрт босқичли қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади.

Ғоялар, ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва кўламлаштириш босқичларида стартапларга грантлар, солиқ имтиёзлари, ҳаммолиялаш механизмлари ҳамда экспорт харажатларини қоплаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, давлат хизматларини рақамлаштириш жадаллаштирилади: электрон хизматлар сони 900 тага етказилади, MyGov.uz иловаси функционали кенгайтирилади, 50 дан ортиқ хизматга сунъий интеллект жорий этилади.

 

Хулоса ва бэкграунд

Рақамлаштириш доирасида бизнес очиш, ЯТТ ходимларини ҳисобга олиш, банк карталари расмийлаштириш, SIM-карта олиш, суғурта ва реклама хизматлари тўлиқ рақамли шаклга ўтказилади. Шунингдек, Ягона аҳоли реестри яратилиши режалаштирилган.

Сунъий интеллект инфратузилмаси бўйича ҳам муҳим қадамлар қўйилмоқда: кичик суперкомпютер ишга туширилди, йирик суперкомпютерни харид қилиш ишлари давом этмоқда. Лойиҳа доирасида 15 та олий таълим муассасасида СИ лабораториялари ташкил этилади. Шу билан бирга, дата-марказлар тармоғини кенгайтириш, маълумотлар хавфсизлиги ва узлуксиз сақлаш масалалари алоҳида қайд этилди.

Президент рақамли технологиялар иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлиги, давлат бошқаруви самарадорлиги ва аҳоли ҳаёт сифатига бевосита таъсир қилишини таъкидлаб, белгиланган вазифаларни ижро этиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid