add

Ўзбекистон темир йўлларини рақамлаштириш ЕТТБ кўмагида амалга оширилади

Kecha 22:401 daqiqa

Ўзбекистон Президенти Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти билан учрашди.

Ўзбекистон темир йўлларини рақамлаштириш ЕТТБ кўмагида амалга оширилади

Давосдаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.

Ушбу етакчи молия институти билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Банкнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги барқарор стратегик тусга эга. Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори бўлиб қолмоқда. Банкнинг инвестициялари ҳажми қарийб 7 миллиард долларга етди.

2025 йилда амалиётлар, шу жумладан, хусусий секторга йўналтирилган маблағларнинг ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.

ЕТТБнинг «яшил» энергияни ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, экологик дастурларни амалга ошириш, молия бозорини ислоҳ қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди.

Жорий йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, хусусий сектор ва инфратузилмани ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамли трансформация қилиш ҳамда бошқа масалалар белгилаб олинди.

Аёллар ва ёшларни замонавий касблар ва бизнесга ўқитиш бўйича дастурларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Teglar

Mavzuga oid