Ўзбекистон ва «Amazon Kuiper» сунъий йўлдош интернетини ривожлантириш бўйича меморандум имзолади

10.10.2025 | 17:103 daqiqa

Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Amazon Kuiper» ўртасида мамлакатда юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернетини жорий этишга қаратилган ҳамкорлик бошланди.

Ўзбекистон ва «Amazon Kuiper» сунъий йўлдош интернетини ривожлантириш бўйича меморандум имзолади
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва АҚШнинг «Amazon Kuiper Commercial Services LLC» компанияси ўртасида рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда кенгполосли интернет хизматларини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Вазир Шерзод Шерматов «Amazon Kuiper» вакиллари билан учрашув чоғида рақамли алоқа тизимларини замонавий талабларга мослаштириш, сунъий йўлдош орқали интернет хизматларини ривожлантириш ва телекоммуникация инфратузилмасини янгилаш масалаларини муҳокама қилди. Имзоланган ҳужжат — ўзаро англашув меморандуми (Memorandum of Understanding) — «Project Kuiper» сунъий йўлдош тармоғи орқали Ўзбекистон ҳудудида юқори тезликдаги интернет хизматини тақдим этишни кўзда тутади. Шу билан бирга, мамлакатда телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш, рақамли тенгликни таъминлаш ва чўл ҳамда тоғли ҳудудларда ҳам интернет қамровини кенгайтириш режалаштирилган. «Amazon Kuiper» — «Amazon» корпорациясининг глобал сунъий йўлдош интернет лойиҳаси бўлиб, унинг асосий мақсади ер орбитасига яқин (LEO) сунъий йўлдошлар орқали дунё бўйлаб юқори тезликдаги интернет хизматини тақдим этишдир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда интернет сифатини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва минтақавий алоқа салоҳиятини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Teglar

Mavzuga oid