Ўзбекистон ва Қозоғистон трансчегаравий сувларни биргаликда бошқаради
Қозоғистон Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.
Мазкур битим 2025-йил 15-ноябр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳамда Қозоғистон сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов томонидан имзоланган эди. 2026-йил март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам уни тасдиқлаган.
Ҳужжат трансчегаравий сув ресурсларини биргаликда бошқариш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда икки давлат фойдаланадиган сув хўжалиги объектларининг хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш бўйича ҳуқуқий асосларни белгилайди.
Ҳукуматлараро комиссия тузилади
Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида доимий фаолият юритувчи ҳукуматлараро комиссия ташкил этилади.
Ушбу комиссия умумий дарёлар, каналлар ва сув омборларидан фойдаланиш, давлатлараро гидротехника иншоотларини эксплуатация қилиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларини мувофиқлаштиради.
Шунингдек, томонлар сув хўжалиги соҳасида ахборот алмашинувини кучайтириш, сув ресурсларини бошқариш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва сув танқислиги билан боғлиқ хавфларни камайтиришни режалаштирмоқда. Битим эҳтимолий келишмовчиликларнинг олдини олиш учун ҳам ҳуқуқий механизм яратади.
Сирдарё стратегик аҳамиятга эга
Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг муҳим сув артерияларидан бири бўлган Сирдарё дарёси ресурсларидан биргаликда фойдаланади. Айниқса, Қозоғистоннинг Туркистон ва Қизилўрда вилоятлари мазкур дарё сувига юқори даражада боғлиқ.
Сирдарё суви икки мамлакатда қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш, аҳолини ичимлик ва техник сув билан таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда экотизимларни сақлашда муҳим ўрин тутади.
Сўнгги ойларда Марказий Осиё давлатлари сув-энергетика соҳасида ҳамкорликни фаоллаштирмоқда. Хусусан, июн ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ёзги мавсум учун сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича ҳужжатни имзолаган, май ойида эса Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон «Баҳри Тожик» сув омборининг ёзги иш режимини келишиб олган эди.





