Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг иқтисодий шерикчилиги янги босқичга чиқди
Эртага имзоланадиган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим Европа бозорлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 23-24 октябр кунлари расмий ташриф билан Брюссел шаҳрида бўлади. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битим имзоланиши кўзда тутилган.
Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим нафақат иқтисодий муносабатларни янгилади, балки Ўзбекистоннинг «яшил иқтисодиёт», рақамли трансформация ва инсон капитали соҳаларидаги ривожланишини Европа билан чамбарчас боғлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳужжат Париж битими доирасидаги мажбуриятларни амалга ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва Оролбўйи экотизимини тиклаш бўйича қўшма лойиҳаларни назарда тутади. Европа Иттифоқи фондлари орқали молиялаштириш имкониятлари кенгайиши мамлакатнинг экологик барқарорлиги ва энергетик хавфсизлигини таъминлайди.
Рақамли йўналишда Битим инновацион иқтисодиёт, сунъий интеллект ва стартап экотизимларини ривожлантиришни қамраб олади. Ўзбекистон «Horizon Europe» ва «Erasmus+» дастурларига тўлиқ қўшилиш орқали таълим, илм-фан ва технология соҳаларида Европа тажрибасини интеграция қилмоқда.
Меҳнат мобиллиги ва виза талабларини енгиллаштириш масалалари инсон капитали ривожига хизмат қилади. Талабалар, тадбиркорлар ва мутахассислар учун Европа билан эркин алоқа имкониятлари билимлар оқимини фаоллаштиради.
Битим — бу нафақат савдо ёки сиёсий ҳужжат, балки Ўзбекистоннинг келажак иқтисодиёти учун «яшил», рақамли ва инновацион йўналишдаги стратегик йўл харитасидир. У мамлакатнинг халқаро майдондаги ролини кучайтиради ва Европа билан шерикликни янги босқичга олиб чиқади.





